Поиск
RUUZ

Общество

Муаллифлик ҳуқуқини бузган таниқли санъаткорлар рейтинги эълон қилинди

Юлдуз Усмонова, Санжай ва яна бир нечта санъаткорлар муаллифлик ҳуқуқини бузиб қўшиқ куйлагани учун суд томонидан товон пули миқдорида қарор чиқарилган.

440views0replies
0

Instagram/sanjaymusicofficial

Адлия вазирлиги матбуот котиби Шаҳноза Соатова муаллифлик ҳуқуқини бузиб қўшиқ куйлаган санъаткорларнинг рейтингини (товон пули миқдорига кўра) эълон қилди.
5-ўрин. Унга кўра, Жалолиддин Аҳмадалиев шоир Беҳзод Фазлиддинга тегишли “Кутмаган кунларим, кутган кунларим” тўпламига кирган “Балосиз – гўёки ғамимни ейсиз” деб бошланувчи шеъридан муаллифнинг рухсатисиз фойдаланган. Фуқаролик ишлари бўйича суднинг қарорига кўра, хонанда Аҳмадалиевга жами 26 млн. сўм товон пулини шоирга тўлаб бериш ва “Айёр дўстларим” номли қўшиқни ижтимоий тармоқлардан олиб ташлаш мажбурияти юклатилган.
4-ўрин. Достон Эргашов қўшиқчи Ўктам Алиевга тегишли «Ўйламадим» қўшиғидан ҳуқуқ эгасининг рухсатисиз фойдаланган. Узоқ муддатли келишмовчиликлардан сўнг ушбу санъат вакиллари ўзаро келишувга эришган ва Ўктам Алиев Достон Эргашовга нисбатан 500 млн сўм миқдоридаги моддий ва маънавий зарарни ундириш юзасидан судга киритган аризасини қайтариб олган.
3-ўрин. Санжай (Санжар Жавбердиев) шоир Усмон Азимга тегишли “Карвон” шеъридан ноқонуний фойдаланганлиги учун шоир Усмон Азим фойдасига 90 млн сўмдан ортиқ товон пули ундирилиши ҳақида суднинг қарори чиққан.
2-ўрин. Фарҳод ва Ширин» жуфтлиги шоир Бобур Бобомуроднинг шеърий асарларига нисбатан муаллифлик ҳуқуқлари бузилганлиги юзасидан суд иши кўрилган ва шоир ҳисобига 130 млн сўм товон пули ундириш ҳақидаги суд қарори чиққан.
1-ўрин. Юлдуз Усмонова шоир Йўлчи Рўзиевга тегишли бўлган “Хаста бўлма” шеърини ҳуқуқ эгасининг рухсатисиз ноқонуний фойдаланилганлиги сабабли суднинг қарорига кўра Йўлчи Рўзиев фойдасига 185 млн сўм ундириш белгиланган.
440views0replies
0

Комментарии