Олий мажлис Сенатининг 32-ялпи мажлисида Сенат раиси Танзила Нарбаева ўзлаштирилаётган бюджет маблағлари тўғрисида танқидий фикр билдирди.
"Маблағ ажратилади, лекин ўзлаштириш аҳволи қониқарсиз. Демак, бу ерда вазирлик ва унинг ҳудудий бўлимлари, албатта, ишлаши керак бўлади. Бор маблағни ҳам ўзлаштирмаса, чақалоқлар ўлиб кетади.
Биз Сенатда оналар ва болалар саломатлиги нуқтаи назардан алоҳида ишчи гуруҳ тузаяпмиз. Ҳозир чақалоқлар ўлими кўпаяётганлиги, оналар ўлимининг олдини олиш ишлари қай аҳволда эканлиги бўйича сенатда алоҳида ишчи гуруҳ тузиб, уни алоҳида ўрганамиз, керак бўлса, Сенатнинг ялпи мажлисига олиб чиқамиз", — деди Сенат раиси.
Танзила Нарбаева Сенатнинг йигирма саккизинчи ялпи мажлисида давлат бюджети ижросини кўриб чиқаётганда ҳисоботлар шаклини такомиллаштириш масаласи кўтарилгани ҳақида Молия вазири Тимур Ишметовга эслатиб, қуйидагича фикр билдирди.
"Ҳозир қараб чиқяпман, ҳали ўзгариш йўқ. Ҳисоботда давлат активларини сотишдан тушган тушумлар, солиқ тушумлари ёки боқиманда қарздорлик масалалари, солиқ имтиёзлари, ортиқча тўланган солиқ суммалари батафсил очиб берилмаган. Сенаторлар буни қўмитада ҳам яхшилаб кўриб чиқишди. Мана шу масалалар очиб берилмаган.
Бундан ташқари, молиявий назорат тадбирлари бўйича ҳам маълумотлар йўқ. Назорат тадбирларини ҳам Молия вазирлиги ўтказиши керак, тўғрими? Ўзингиз, бундан аввалги саволга берган жавобингизда ҳам айтяпсизки, гап ижро қилишди. Маблағ ажратиляпти, лекин уни ижро қилиш масаласида сусткашлик бўлса керак деяпсиз. Лекин бу Молия вазирлигининг доимий назоратидаги масала. Доимий кўтариб чиқиш керак. Агар бу тизимга маблағ керак бўлмаса, уни олиб бошқа тизимга ўз вақтида бериш керак бўлади.
Парламент тасдиқлайдими, ҳукумат тасдиқлайдими, энг асосийси, одамлар ўқиб, ўз саволларига жавоб топиши керак. Очиқ, шаффоф бўлиши керак. Очиқ бюджет шаклланаётганлиги одамларнинг фаоллигини қанчалик оширди мана, тўғрими? Одамлар қанчадан қанча таклифларини билдириб, давлат бюджетидан самарали фойдаланиш йўлга қўйиляпти.
Шунинг учун мана шу ҳисоботлар ҳам очиқ, шаффоф бўлиши керак. Одамларимиз қаерга маблағ кетаётганлигини билиши керак. Қанақа солиқ тушумлари бор, тушумлар қаерга кетди, кимлар кўп солиқ тўлайди – ҳаммасини билиш керак. Шунинг учун бу бўйича қўшимча равишда ишлаймиз", — деди Танзила Нарбаева.