Олий суд ахборот хизмати хабарига кўра, Жиноят ишлари бўйича Жиззах вилоят судининг судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг навбатдаги очиқ суд мажлиси бўлиб ўтди. Унда судланувчи (исм-шарифлари ўзгартирилди) Р.Қ.нинг апелляция тартибидаги шикояти кўриб чиқилди.
Маълум қилинишича, судланувчи Р.Қ. 2013 йил 13 июлдан Жиззах шаҳар “Обод” маҳалласи ҳудудида жойлашган “Имом Бухорий” жоме масжиди имом хатиби вазифасида ишлаб келган. Р.Қ. 1998 йил 23 июнда тасдиқланган “Имом Бухорий” масжиди Уставига ҳамда Мусулмонлар идорасининг 2021 йил 19 январдаги “Масжидларда нақд пул маблағлари айланмасининг олдини олиш ҳамда эҳсон қутиларидан фойдаланишни тартибга солиш хусусида”ги 01А/08-сонли буйруқ талабларига риоя қилмай, ўзига ишониб топширилган ўзганинг мол-мулкини ўзлаштирган.
А.Бурхонов томонидан масжид учун хайрия қилинган, яъни, масжидни қайтадан қуриш ишларини бошлаш учун берилган 190.000.000 сўм хайрия пуллари, қолаверса, “Баҳор пластиcс” МЧЖ раҳбарияти томонидан хайрия қилинган 30.000.000 сўмлик кир ювиш кукунларидан тушган пуллар масжид ҳисоб рақамига кирим қилинмаган. Бу пул маблағларини имом хатиб ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилиб юборган.
Р.Қ. таниши Ж.Қосимовни масжид қурилиши учун моддий ёрдам беришга кўндириб, ундан 5 000 АҚШ долларини қўлга киритган.
Судланувчининг суд ҳукмида кўрсатилган жиноятни содир қилганлиги суд мажлисида сўроқ қилинган жабрланувчилар ва гувоҳларнинг кўрсатувлари, тўпланган далиллар билан тўлиқ ўз тасдиғини топди. Биринчи инстанция суди далиллар ва асосларга таяниб, унинг жиноий ҳаракатини ЖКнинг 167-моддаси 3 қисми “а” банди билан тўғри квалификация қилинганлиги тўғрисида тўхтамга келди.
Хулосалар натижасига кўра, унга нисбатан ЖКнинг 45-моддасига асосан муайян ҳуқуқидан маҳрум қилиш қўшимча жазосини қўллаган ҳолда, ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми санкцияси доирасида озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Юқоридагиларга кўра, апелляция инстанцияси суди, суд ҳукмини ўзгаришсиз, апелляция шикоятини қаноатлантиришсиз қолдирилди.
Судланувчи ЖКнинг тегишли моддаларига кўра 2 йил муддатга диний муассасаларда ишлаш ҳуқуқидан ва 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.