Бугун, 9 сентябрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов ижара масаласида яратилган имкониятлар ҳақида изоҳ берди.
Қайд этилишича, президент топшириғи билан ижарада турувчи талабалар учун бюджетдан пул ажратилди. 2022 йилда бунинг учун 120 миллиард сўм ажратилган бўлиб, бугунги, 9 сентябрь ҳолатига кўра, шундан 15 миллиард сўми мақсадли йўналтирилган.
"Илгари хонадон эгалари солиқчилар билан шартнома қилиши, яъни олган даромадидан солиқ тўлаши керак эди. Буни аксарият хонадон эгалари, ҳам ташвиш, ҳам харажат нуқтаи назаридан хоҳламади. 1 январдан бу жараён солиқдан озод этилган эди. Шунда ҳам хонадон эгалари хоҳлашмади. Шаҳарда уйлар кенгайди, лекин одамларнинг бағри торайди. Аввал ҳар бир хонадон 2-3 нафар талаба бўларди маҳаллаларда.
Шунинг ҳисобига ҳозир талабалар турар-жойи билан боғлиқ босим кучайди. Аҳоли истамаётган, ўзининг "комфорт" ҳаётидан чиқишни хоҳламаётган бўлса, давлат ўзининг фуқароларини ҳимоя қилади, деди Президентимиз. Шунинг учун ижара тизими жорий қилинди. Раҳбарият шунақа топшириқ берди, ҳозир шартномани талаб қилмасдан субсидия бериш лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда"- дейди Абдуқодир Тошқулов.
Вазир шартнома талаб қилмайдиган янги лойиҳа бўйича ҳам тўхталиб ўтди.
"Аудиторияда бир гуруҳда 25 та талаба бўладиган бўлса, ўзлари қарор қилади. Мана бизда айтайлик, 10 нафар ижарага турадиган курсдошларимиз бор. Шундан 60 фоизига — 6 нафарига гуруҳ қарор қилсин, субсидия берилсин деб. Бир-биринг шароитини билади-ку, унинг ранг-рўйи, кийган кийими — ҳаммаси қандай оилага мансублигини кўрсатиб туради-ку. Ўзлари қарор қиладида уни факултетга беради, факултет илмий кенгашга чиқаради", - дейди вазир.
Қайд этилишича, илмий кенгашнинг қабул қилган қарори билан 9-10 ой (қонунчиликда қандай белгиланган бўлса) тўғридан-тўғри шаҳарда ўқиётган талабалар учун 300 минг сўм, вилоятлардаги талабалар учун эса 150 минг сўм пластигига ташлаб турилади.