Куни кеча Миробод туманидаги 110-сонли ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби кийиниш хонасига видео кузатув камералари ўрнатилганлиги ака этган видео ижтимоий тармоқларга сиздирилди. Ушбу ҳолат юзасидан Халқ таълими вазирлиги муносабат билдирди.
Унга кўра, мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар халқ таълими Ишчи гуруҳи ўрганиш олиб борди.
Қайд этишилича, мактаб маъмурияти ўқувчилар кийиниш хонасига видео кузатув камераси ўрнатган.
"Гарчи, бу этика ва ахлоқ қоидаларига зид бўлса-да, ушбу ҳолатни мактаб директори У.Рашидова кейинги пайтларда ўқувчилар ўртасида ўғирлик ва шунга ўхшаш ҳолатларни олдини олиш, улар ўртасида тартиб-интизом ўрнатиш, назоратни кучайтириш ҳамда ўқувчилар ҳушёрлигини ошириш мақсадида Ота-оналар кузатув Кенгаши таклифига кўра, камера ўрнатишга мажбур бўлган", - дея изоҳланади.
ХТВнинг маълум қилишича, ўқувчилар жисмоний тарбия дарси машғулотларига чиққан маҳалида бир неча маротаба мобил телефон, тақинчоқлар, пуллар йўқолган. Бу каби нохуш ҳолатлар бўйича бир неча маротаба ИИБ, ота-оналар иштирокида баённомалар тузилган.
"Бу камера орқали ўғирлик содир этган шахсларни аниқлаш кўзда тутилган, холос. Унда камера тасвирга олган лавҳалар жамоатчиликка тақдим этилмаган, видео кузатув фақат директор хонасида ўрнатилган “пульт” орқали амалга оширилган. Нафақат, кийиниш хонасидаги, балки таълим муассасасидаги мавжуд 250 та видео кузатув камералари фақатгина мактаб директори назоратида бўлиши қатъий белгилаб қўйилган", - дейилади хабарда.
Кеча мактаб маъмурияти томонидан кийиниш хонасидаги камера олиб ташланган.