Бугун, 8 сентябрь куни Тошкентда Парламентлараро иттифоққа аъзо давлатлар парламентлари аёл раҳбарларининг навбатдаги 14-саммити бўлиб ўтмоқда.
Саммитда БМТ, Парламентлараро Иттифоқ, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Парламент Ассамблеяси каби халқаро ташкилотлар раҳбарлари, 19 та давлатдан 120 дан ортиқ парламент вакиллари иштирок этмоқда.
Тадбир аввалида президент Шавкат Мирзиёевнинг анжуман иштирокчиларига йўллаган мурожаатини президент матбуот котиби Шерзод Асадов ўқиб эшиттирди.
"Бундай форматдаги учрашув Ўзбекистонда илк бор ўтказилмоқда. Буни Ўзбекистонда, жумладан, парламентаризм ва гендер сиёсатни ривожлантириш соҳасида амалга оширилаётган изчил демократик ислоҳотлар натижаларининг халқаро ҳамжамият томонидан эътирофи деб биламиз", дейилади жумладан давлат раҳбарининг мурожаатида.
Саммитни Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева кириш сўзи билан очар экан, анжуман кун тартибидаги барча мавзулар ўта долзарб, дунё мамлакатларининг келажак тақдири учун катта аҳамиятга эга эканлигини алоҳида қайд этган ҳолда, анжуманда пандемия оқибатида юзага келган жиддий ижтимоий ва иқтисодий инқирозларни, хусусан, янги хавф-хатарларни бартараф этиш бўйича конструктив таклифлар ишлаб чиқиш, уларни биргаликда амалга ошириш бўйича таъсирчан чора-тадбирларни белгилаб олиш мақсад қилинганини таъкидлаб ўтди.
“Бугун турли низолар, янги хатарлар ва тўқнашувлар кескин тус олмоқда, яқин келажакда дунёда қандай сиёсий-иқтисодий тартиб ҳукмрон бўлишини ҳеч ким башорат қила олмаяпти. Сўнгги йилларда халқаро ҳамжамиятда дунёнинг деярли барча давлатлари пандемия туфайли савдо-иқтисодий алоқаларнинг қисқариши, ижтимоий ҳаётнинг турли йўналишларидаги хатарларнинг ортиши, ишлаб чиқариш ҳажмларининг камайиши, ишсизлик даражаси ошиши кузатилмоқда. Шу маънода, бугунги анжуман кун тартибидаги барча мавзулар ўта долзарб, дунё мамлакатларининг келажак тақдири учун катта аҳамиятга эга эканлигини алоҳида қайд этмоқчиман”, —деди Сенат раиси.
Танзила Нарбаеванинг сўзларига кўра, халқаро ташкилотларнинг маълумотларига кўра, пандемия даврида айнан хотин-қизлар кўпроқ азият чеккан ва меҳнат бозорида фаолият юритаётган аёлларнинг 5 фоизи ишсиз қолган.
Парламентлараро Иттифоқ раиси Дуарте Пачеко сўзга чиқиб, кўрилаётган масалалар, улардан келиб чиқадиган хулосалар хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини янада самаралироқ таъминлашга хизмат қилишини айтиб ўтди.