Жиноят ишлари бўйича Янги Ҳаёт туманининг очиқ суд мажлисида ЖКнинг фирибгарлик, пора беришга далолат қилиш ва тергов ёки суд ишларини ҳал этишга аралашиш билан айбланган 1983 йилда туғилган муқаддам судланган судланувчига оид иши кўриб чиқилди. Бу ҳақда "Миллар" дастурида хабар бериди.
Аниқланишича, 39 ёшли эркак овозини аёлларникига ўхшатиб, бир қатор фирибгарлик жиноятларини содир этган.
Судланувчи жиноий режасини амалга ошириш учун бир қанча фуқароларга қўнғироқ қилиб, ўзининг нутқ ва овоз товушларини аёлларникига ўхшатиб, ўзини ваколатли ташкилотларда ишловчи ходимлардан бири эканлигини айтади. Масалан, Молия вазирлигидан Замира Убайдуллаевна, Олий Мажлис Сенатидан Сайёра Ғозиевна исмли масъул ходим деб таништиради. Суриштирувлар давомида бу исмли шахслар аслида йўқлиги, бу судланувчининг ўйлаб топган ёлғонлари эканлиги аниқланган.
"Одамларни ишончига кириб, ишга киритиб қўйиш учун пул олганмиз. Ўзимга олганим 2500 доллар бўлган. Ўлиб кетишга ҳам тайёр бўлиб турибман", - дея изоҳ берди судланувчи.
Суд прокурорга сўз берган пайтда, судланувчи тўполон кўтариб, оғзига беркитган нарса билан ўзига тан жароҳати етказган. Сўнгра унга тез тиббий ёрдам ходимлари томонидан биринчи ёрдам кўрсатилиб, судланувчи суд залидан олиб чиқиб кетилган. Суд эса бошқа кунга қолдирилди.