Аввалроқ, Шавкат Мирзиёев видеоселекторда 1 сентябрь келишига қарамасдан вилоятларда жами 290 та мактабларда қурилиш-таъмирлаш ишлари охирига етказилмаганини айтиб, ҳокимларни қаттиқ танқид остига олганди.
Президентдаги маълумотларга кўра, 1 сентябрь ҳолатига Андижон (25 та), Бухоро (24 та), Жиззах (12 та), Қашқадарё (32 та), Навоий (8 та), Наманган (12 та), Сурхондарё (29 та), Самарқанд (8 та), Тошкент вилояти (41 та), Сирдарё (6 та), Фарғона (23 та), Хоразм (6) ва Тошкент шаҳридаги (23 та) мактабларда қурилиш-таъмирлаш ишлари тугалланмаган.
Аммо, кеча, 6 сентябрь куни АОКАда бўлиб ўтган Халқ таълими вазирлиги мутасаддилари иштирокидаги матбуот анжуманида қурилиш-таъмирлаш ишлари тугатилмаган мактаблар сони 61 та эканлиги маълум қилинди, дея хабар берди UzNews.uz мухбири.
"Бизни ҳисоб-китоб бўйича бевосита таълим жараёнига таъсир қиладиган 61 та мактабда ҳали қурилиш ишлари битмаган эди. Ўша 61 та мактаблардаги ўқувчилар бошқа яқин мактабларга кўчирилиб, Халқ таълими вазирлиги ҳудудий бошқармалари билан марказлашган равишда режали қилинган эди", - дейди Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Усмон Шарифхўжаев.