Аввалроқ, ижтимоий тармоқларда Юнусобод туман Халқ таълими бўлими тасарруфидаги 63-сонли ўрта умумтаълим мактабида содир бўлган воқеалар акс этган видеолавҳа тарқалди. Туман ҳокимлиги ҳолат юзасидан маълумот берди.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг 6 сентябрь куни соат 7:30 да мактабнинг кириш қисмида муассаса раҳбари Р. Ваҳабова, Маънавият ва маърифат ишлари бўйича директор ўринбосари Ш. Умарова ҳамда синф раҳбарлари биргаликда ўқувчиларни кутиб олишган.
Ўқувчи-қизлар орасида дарсга кечикиб, тақинчоқлар тақиб, кийиниш маданиятига риоя этмай келган қизларга мактаб директори томонидан одоб-ахлоқ қоидалари, таълим даргоҳида ўзини тутиш тартиблари, қизлар бошига рўмолини ихчамлаштирган ҳолда ва оч рангдаги рўмол ўрашлари ҳақида тушунчалар берилган.
Бундан айрим ўқувчи-қизлар норози кайфиятда бўлган ҳамда 10-“А” синф ўқувчиси О. Рашидова онаси Ҳ. Рашидовага қўнғироқ қилган. Мактаб директорнинг тушунтиришларидан норози бўлган фуқаро Ҳ. Рашидова шу заҳоти туман халқ таълими бўлими мудири О. Ярашевга мурожаат қилган.
Туман халқ таълими бўлими мудири топшириғига асосан туман халқ таълими бўлими маънавий-ахлоқий тарбия шўъбаси мудири Д. Мўминова шу куни соат 8:30 да мазкур таълим муассасасига келиб, норози кайфиятда бўлган 7 нафар ўқувчи-қизлар билан тушунтириш ишлари олиб борган. Қизлар нотўғри тушунганликлари айтиб, узр айтиб, яхши кайфиятда дарс машғулотларига чиқиб кетишган.