Мустақил комиссия аъзолари Хоразм вилояти Урганч шаҳридаги 11-сонли тергов изоляторида бўлиб, Қорақалпоғистонда содир бўлган ҳолатлар ва воқеалар туфайли жиноят содир этгани учун ҳибсга олинган Даулетмурат Тажимуратов билан учрашди. Бу ҳақда Омбудсман Ахборот хизмати хабар берди.
Учрашувда Тажимуратов адвокат билан таъминлангани, у билан учрашишига тўсқинлик қилинмагани, шунингдек, оила аъзолари билан қисқа вақт ичида учрашув ўтказгани, посилка ва жўнатмалар олганини айтди.
"Тажимуратовнинг сўзларига кўра, тергов ва тергов изоляторида унга нисбатан қийноқлар, босимлар ва ҳеч қандай тазйиқлар кузатилмаган. У изолятордаги озиқ-овқат сифати ва бошқа шароитларга эътирози йўқлигини айтди", — дейилади хабарда.
Сайёр қабулда комиссия аъзолари бошқа гумонланувчиларнинг тергов изоляторида сақланаётганда ва тергов жараёнида ҳуқуқлари бузилмагани, руҳий ва жисмоний қийноқларга йўл қўйилмагани ҳақида кўрсатма берди.
Aввалроқ Қорақалпоғистондаги тартибсизликлар юзасидан қўзғатилган жиноят иши бўйича дастлабки тергов доирасида 14 киши қўлга олингани ҳақида хабар берилган эди. Aдвокат ва журналист Даулетмурат Тажимуратовга ҳам ЖКнинг тегишли моддалари билан айблов эълон қилинган.