Жорий йилнинг 7 июль куни Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев томонидан «Нефть ва газ соҳасида таълим-ишлаб чиқариш кластерини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинган эди.
Ушбу қарорнинг ижросини таъминлаш мақсадида, «Ўзбекнефтгаз» АЖ бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев томонидан нефть ва газ соҳасидаги таълим-ишлаб чиқариш кластери фаолиятини мувофиқлаштирувчи кенгаш таркиби тасдиқланиб, унинг асосий вазифалари белгилаб олинди.
2022 йилнинг 30 август куни Uzbekistan GTL заводининг маъмурий биносида «Ўзбекнефтгаз» АЖ бошқаруви раиси бошчилигида мувофиқлаштирувчи кенгашнинг навбатдаги йиғилиши ўтказилди.
Дастлаб, йиғилиш кун тартибида давлат раҳбарининг қарори бўйича амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди.
Қарор ижросини тизимли ташкил этиш мақсадида, «Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан 2022 йил 19 июлда бошқарув қарори ҳамда «Назорат режа»си тасдиқланди. Бундан ташқари, 2022–2023 йилларда нефть ва газ соҳасидаги таълим-ишлаб чиқариш кластерини комплекс ривожлантириш бўйича ишлаб чиқилган «Йўл харитаси»нинг ҳар бир банди бўйича жамият ва ишлаб чиқариш корхоналарининг масъуллари белгилаб олинди.
Йиғилишда бошқарув раиси корхоналарда камида 5 йил иш стажига эга ходимлар орасидан ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда, бакалавриат ва магистратурада ўқиш истаги бўлган номзодлар рўйхати шакллантирилганлиги ва уларга тавсияномалар берилганлиги мақсад сари босилган илк қадам эканлигини алоҳида эътироф этди.
Шундан сўнг, бошқарув раиси томонидан жорий йилнинг 1 октябрига қадар 2022/2023 ўқув йилида нефть ва газ соҳаси бўйича таҳсил олаётган иқтидорли ўқувчилар ва талабалар учун стипендияларни жорий этиш бўйича топшириқ берилди.
Мувофиқлаштирувчи кенгаш томонидан қарорга мувофиқ, UNG training МЧЖнинг янги ташкилий тузилмаси ва штат жадвали тасдиқланган.
Йиғилишда «Шўртан газ кимё мажмуаси» МЧЖ директори Шуҳрат Аслановнинг 2022 йил якунига қадар ушбу ўқув марказининг Ғузор туманидаги биносини реконструкцияси, талабалар ва ўқитувчилар учун ётоқхона, соғломлаштириш масканлари ва бошқа зарур биноларни барпо этишни жадаллаштириш мақсадида амалга оширилаётган ишлар бўйича ҳисоботи тингланди.
Ушбу марказ замонавий ўқув ва илмий лабораториялар, геология-геофизика, бурғилаш, конларни ишлатиш ва қазиб олиш, нефть ва газни қайта ишлаш, углеводород хом ашёларини сақлаш ва транспорт қилиш, энергетика, пайвандлаш ва бошқа йўналишлар бўйича махсус хоналар билан таъминланиши режалаштирилган.
Кенгаш аъзолари ушбу ўқув марказида 2023 йилдан бошлаб ҳар йили ишлаб чиқариш корхоналарининг камида 1 000 нафар ходими малакасини ошириш ва рўйхатни шакллантириш масаласига ҳам тўхталди.
Таълим кластери доирасида мактаб ўқувчиларини ишлаб чиқариш корхоналарига экскурсиялар ҳамда соҳа фахрийлари билан учрашувлар ташкил этилиши белгиланган. Йиғилишда ушбу тадбирларни юқори савияда ташкил этиш, мактабларнинг технология фани устахоналарини қайта жиҳозлаш ва таъмирлашга кўмаклашиш ишлари ҳам режалаштирилиб олинди.
Бошқарув раиси томонидан кластер таркибидаги таълим ташкилотлари учун хорижий адабиётлар, илмий ишланмалар харид қилиш ҳамда уларнинг ахборот-ресурс маркази фондларини мунтазам равишда янгилаб бориш, талабалар ва профессор-ўқитувчилар, илмий-педагог ходимларининг стажировкасини ишлаб чиқариш корхоналарида ўтказиш учун уларга зарур шарт-шароитларни яратиб бериш бўйича зарурий кўрсатмалар берилди.
Шунингдек, мувофиқлаштирувчи кенгаш қарори билан «Нефть ва газ соҳасида таълим-ишлаб чиқариш кластеридаги ишлаб чиқариш корхоналари, таълим, илмий-тадқиқот ҳамда кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ташкилотлари билан ҳамкорликда «Биргаликдаги фаолият тўғрисидаги шартнома» тасдиқланди.
Масъулларга йўл харитасида келтирилган барча илмий лойиҳаларни ишлаб чиқариш корхоналари билан биргаликда ўз вақтида ижросини таъминлаш бўйича таъсирчан чоралар кўриш топшириғи берилди.
Ишлаб чиқариш корхоналари раҳбарларига қарорда белгиланган топшириқларни ва қарор билан тасдиқланган «Йўл харитаси» ҳамда мақсадли кўрсаткичларда назарда тутилган чора-тадбирларнинг ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли бажарилишини таъминлаш талаби қўйилди.
Бундан ташқари, бошқарув раиси таълимсиз ишлаб чиқаришда кўзланган мақсадга етиб бўлмаслиги, таълимга катта эътибор берилаётганини таъкидлади. Ўз навбатида, хусусий ишлаб чиқарувчиларни ҳам жалб қилиш, олий ўқув юртини тамомлаётган талабаларни саралаб олиш, танловлар борасида ОАВ орқали эълон бериб бориш бўйича ҳам топшириқлар берилди.