Аввалроқ, Қозоғистоннинг Туркистон вилоятида Ўзбекистон компаниясининг автобуси ЙТҲга учрагани ҳақида хабар бергандик. Транспорт вазирлиги ҳолат юзасидан қўшимча маълумот берди.
Қайд этилишича, мазкур автобус 26 август куни соат 22:00 да “Тошкент” автовокзалидан икки нафар ҳайдовчи ва 47 нафар йўловчи билан йўлга чиққан. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодиса оқибатида 12 киши турли даражада тан жароҳати олган.
Ушбу автобус Тошкент шаҳар Чилонзор тумани Бунёдкор кўчаси 7-уйда жойлашган “MIRONSHOX GRAND TRANS” МЧЖга тегишли бўлиб, 2022 йил 18 мартда мазкур автобусга лицензия варақаси Транспорт вазирлиги томонидан берилган.
2018 йилда ишлаб чиқарилган “YUTONG BUS ZK6122H9” (Хитой) русумли автобус охирги марта 2022 йил 17 мартда Тошкент шаҳри ИИББ ЙҲХБ РИБда техник кўрикдан ўтган бўлган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан “MIRONSHOX GRAND TRANS” МЧЖ раҳбарияти ва корхонада ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга масъул ходимлар билан ваколатли органлар томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.