Аввалроқ, ижтимоий тармоқда Тошкент вилоятида эркак оғзини тикиб олган ҳолда президентга унга имтиёзли кредит берилмаётгани айтиб, мурожаат қилганди. Унинг масаласи судда кўриб чиқилди.
Судда 1991 йилда туғилган С.Т.нинг маълум қилишича, жорий йил 20 август куни у қўй олиб боқиш учун имтиёзли кредит ажратиш ҳақида туман ҳокимиятига мурожаат қилган. Аммо, 5 ойдан бери масъуллар унинг мурожаатини эътиборсиз қолдириб, ундан аввал келганларга имтиёзли кредит берган. Шунингдек, унинг уйига блогер аёл келиб, уни "шантажист" деб камситган.
Шундан сўнг, С.Т. оғзини тикиб олган. Бундан ташқари, қўшнисининг уйининг томига чиқиб олиб, ҳамманинг эътиборини ўзига жалб қилиб, бақир-чақир қилган ва ИИБ ходимларига блогер аёлни топиб беришларини айтиб, ИИБ ва бошқа орган ходимларининг қўлидан ҳеч бир иш келмаслигини билдириб, уларни турли сўзлар билан ҳақоратлаган.
Суд С.Т.га нисбатан жазо тайинлади. Унга кўра, судланувчига нисбатан МЖтКнинг 183 ва 194-моддалари билан БҲМнинг 1 баравари (300 минг сўм) миқдорида жарима ҳамда 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Маълум қилинишича, С.Т. бундан аввал ЖКнинг бир қатор моддалари билан айбланиб, 7 йил муддатга қамалган. Суднинг ҳукми билан унга берилган жазонинг ўталмаган қисми ахлоқ тузатиш жазосига алмаштирилиб, у пробация бўлимида тегишли жазо ўтаб келаётган бўлган.