Поиск
RUUZ

Общество

Энди ўзбекистонликлар мамлакат ичида саёҳат қилиб пул ишлашлари мумкин

"Саёҳат учун кэшбек" платформаси ишлаб чиқилди. Бу орқали ички саёҳатларни амалга оширганларга харажатларининг бир қисми қайтариб берилади.

170views0replies
0

UzNews.uz

Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳамда Солиқ қўмитаси ҳамкорлигида "Кэшбек" тизими тақдим этилади. Бу ҳақда вазирлик Матбуот хизмати хабар берди.
Мазкур тизимга кўра, 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб "Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!" дастури доирасида "Саёҳат қил ва кэшбек ишла" шиори асосида республика ҳудудлари бўйлаб ички саёҳатларни амалга оширган Ўзбекистон фуқароларига харажатларининг бир қисми қайтариб берилади.
"Саёҳат учун кэшбек" платформаси билан ишлаш учун қуйидаги кетма-кетликларни амалга ошириш зарур:
– Soliq.uz мобиль иловасини юклаб оласиз:
– Мобиль илова хизматидан фойдаланиш учун FaceID орқали шахсингизни тизимда тасдиқлайсиз;
– Саёҳат йўналишини ва бошланиш санасини танлайсиз;
– Кэшбекларни йиғиш учун фискал чекларни сканерлаш орқали авиа, темир йўл ёки автобус билетларини иловага киритасиз;
– Мароқли саёҳатдан сўнг "Саёҳатни тугатиш" тугмасини босасиз ва йиғилган кэшбек суммаларини шахсий маҳаллий банк пластик картасига ўтказасиз.
Кэшбек тизими Давлат солиқ қўмитасининг махсус мобиль иловаси (Soliq.uz) билан интеграция қилинган бўлиб, харажатлар ҳаққонийлиги мобил илова ёрдамида текширилиб, харид чекининг матрицали штрих кодини (QR-kod) ҳамда маҳаллий туристларнинг доимий яшаш жойларини кўрсатиш орқали саёҳатлар рўйхатдан ўтказилади.
Саёҳат харажатларини қайтариш саёҳат қилиш давомида бир вақтнинг ўзида қуйидагилар назарда тутилганда амалга оширилади:
– Авиа, темир йўл ва автобусдан фойдаланиш;
– Жойлаштириш воситалари хизматларидан фойдаланиш;
– Маданият ташкилотларига ташриф буюриш.
Саёҳат харажатларини қайтариш ҳар бир туристга қуйидаги миқдорларда амалга оширилади:
– Авиақатнов орқали бориб-келиш чиптаси нархининг 15 фоизи, лекин 150 минг сўмдан ошмаган миқдорда;
– Темир йўлда ёки автобусда бориб-келиш чиптаси нархининг 15 фоизи, лекин 80 минг сўмдан ошмаган миқдорда;
– Жойлаштириш воситасида тунаб қолиш харажатининг 15 фоизи, лекин 80 минг сўмдан ошмаган миқдорда;
– Театр, музей, сирк ва бадиий галереяларга ҳар бир ташриф чиптаси нархининг 50 фоизи, лекин 20 минг сўмдан ошмаган миқдорда.
Саёҳат харажатлари фақатгина платформа орқали амалга оширилган ички саёҳатлар учун унинг якуни билан маҳаллий туристларнинг банк карталарига қайтарилади. 
170views0replies
0

Комментарии