Поиск
RUUZ

Общество

Ўзбекистон-Саудия ишбилармонлари ўртасида қиймати 14 млрд доллардан ортиқ бўлган келишув ва шартномалар имзоланди

Икки мамлакат ҳукуматлари ва вазирликлари ўртасида энергетика, божхона, фуқаро авиацияси, туризм, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, меҳнат муносабатлари каби соҳаларда ҳамкорликка доир 15 та ҳужжат қабул қилинди.

75views0replies
0

president.uz

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд музокаралари бўлиб ўтди. Учрашув аввалида Ўзбекистон етакчиси Саудия Арабистон подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Саудга ўз саломи ва эзгу тилакларини етказишни сўради.
Томонлар икки мамлакат ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар соҳалардаги ўзаро манфаатли алоқаларни янада кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.
Ишбилармонлар алоқалари учун янада қулай шароитлар яратиш, ўзаро савдо ҳажмини ошириш, таркибини диверсификация қилиш зарурлиги қайд этилди.
"Бугунги тарихий учрашувимиз ҳамкорлигимизни амалий натижалар билан бойитиш, бизнес алоқалари учун “кучли сигнал” бўлишига аминман. Давлатларимиз тадбиркорлари мулоқотимиз натижаларини интиқлик ва катта қизиқиш билан кутяпти", - деди Шавкат Мирзиёев.
Президент Саудия етакчи компанияларини Ўзбекистондаги тижорат банклари, йирик саноат ва инфратузилма объектларини хусусийлаштириш жараёнида фаол иштирок этишга чақирди. Энергетика ва нефть-кимё соҳаларидаги шерикликни кенгайтиришдан икки томон ҳам манфаатдор экани таъкидланди.
Саудия тараққиёт жамғармаси иштирокида мамлакат ҳудудларида транспорт, сув таъминоти, электр тармоқларини ривожлантириш бўйича инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.
Бугун Ўзбекистон-Саудия ишбилармонлар кенгаши навбатдаги йиғилиши муваффақиятли ўтказилгани қайд этилди. Унинг якунида энергетика, кимё, электротехника, инфратузилмани ривожлантириш, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, ахборот технологиялари ва транспорт соҳаларида умумий қиймати 14 млрд доллардан ортиқ бўлган келишув ва шартномалар имзоланди.
Учрашувда маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди. Халқаро ва минтақавий масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Хавфсизлик соҳасида мулоқотни йўлга қўйиш, Афғонистонда тинчликни мустаҳкамлаш ва иқтисодиётни тиклашга кўмаклашиш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштириш юзасидан якдил фикр билдирилди. Ўзбекистон президенти Саудия Арабистонининг Шанхай ҳамкорлик ташкилотида мулоқот бўйича шерик мақомини олаётганини олқишлади.
Музокаралар натижалари бўйича имзоланган ҳужжатлар алмашилди. Ўзбекистон билан Саудия Арабистони ўртасида кенг қамровли шериклик муносабатларини янада кенгайтириш тўғрисида қўшма баёнот қабул қилинди. Икки мамлакат ҳукуматлари ва вазирликлари ўртасида энергетика, божхона, фуқаро авиацияси, туризм, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, меҳнат муносабатлари каби соҳаларда ҳамкорликка доир 15 та ҳужжат қабул қилинди.
75views0replies
0

Комментарии