Поиск
RUUZ

Общество

Бозорларда тарвузнинг заҳарланганини қандай аниқласа бўлади?

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати санитария-гигиена бошқармаси бошлиғи Анвар Шукуров тарвуз сотиб олаётганда нималарга эътибор қаратиш кераклиги ҳақида маълумот берди.

388views0replies
0

Иллюстрация

Шукуровнинг қайд этишича, тарвуз сотиб олаётган пайт унинг бус-бутунлигига, чиримаганига ва кимёвий ўғитлар билан меъёрдан ортиқ тўйинтирилмаганига эътибор қаратиш керак. 
Сабаби бугунги кунда аксарият деҳқонлар ушбу маҳсулотни тезроқ етиштириш мақсадида азотдан кўп фойдаланмоқда. Бу эса тарвуздан заҳарланишга сабаб бўляпти.
"Тарвуз харид қилаётганда, энг аввало, сотувчидан маҳсулот манбаи, унинг сифати ва хавфсизлигини тасдиқловчи тегишли рухсатномани талаб қилиши лозим. Шу билан бирга, маҳсулотнинг бузилмаганига ишонч ҳосил қилиш зарур. Негаки, ушбу резаворнинг қизил мағзида микроблар жуда тез тарқалади. Табиий пишган тарвуз чертиб кўрилганда жарангдор овоз чиқиб, унинг пўстини осонгина тирнаш мумкин. Агар маҳсулотнинг банди қуриган бўлса, бу унинг яхши пишганидан далолат", - дейди мутахассис.
Таъкидланишича, тарвуз ҳолатининг яна бир муҳим кўрсаткичи қизил қисмидаги томирлар рангидир. Агар улар сариқ ёки бинафша тусда бўлса, бундай маҳсулотдан эҳтиёт бўлиш лозим. Чунки у тўлиқ пишмаган ёки нитратнинг таъсири бўлиши мумкин.
Қолаверса, тарвуз устидаги чизиқлар аниқ ва бир-бири билан аралашиб кетмаган бўлиши керак. Хиралашган чизиқлар унинг нитрат билан тўйинганидан далолат.
Шунингдек, табиий пишган тарвуз сувга солинганда унинг устига қалқиб чиқади. Азотли ўғит билан тўйингани эса аксинча сув остига чўкади. Агар бўлакланганда қийшиқ эмас, тўғри кесилса, бу ҳолат ҳам унинг кимёвий моддаларга тўйинганлигининг белгисидир.
"Таркибида нитрат моддаси меъёрдан ортиқ бўлган тарвуз истеъмол қилинганда, унинг нохуш белгилари 4-6 соатдан кейин пайдо бўлади. Хусусан, кўнгил айниши, қусиш, диарея, қорин ва бош оғриғи, 38-39 даражагача иситма кўтарилиши, юрак уришининг секинлашиши ҳамда қўл-оёқларнинг совуқ қотиши каби аломатлар кузатилганда дарҳол шифокорга мурожаат қилиш лозим. Чунки бу — тарвуздан заҳарланиш белгилари бўлиши мумкин", - дейди Шукуров.
388views0replies
0

Комментарии