Ижтимоий тармоқларда Қарши шаҳрида фуқаро ўзига бензин сепиб ёқиб юборганлиги акс этган видеоёзув тарқалди.
Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов UzNews.uz'га ҳолат юзасидан маълумот берди.
Маълум бўлишича, ҳолат 2022 йил 15 август куни соат 20:00 ларда Қарши шаҳар Шайхали шаҳарчаси маҳалласи ҳудудида жойлашган "Қарши Леатнера" хусусий корхонасига қарашли бўлган терини қайта ишлаш корхонаси биноси олдида содир бўлган.
1979 йилда туғилган П.Р. бино олдидаги 40 сотих ерга ишлаш учун бориб, корхонадан анқиб турган бад-бўй тери ҳидидан ғазабланиб, баланд овозда бино олдида бақириб, устига бензин сепиб ёқиб юборган.
Шу жойда бўлган фуқаролар ёнғинни ўчиришган.
Бирламчи тиббий маълумотларга кўра, П.Р.нинг танасида 10-15 фоиз куйиш жароҳатлари аниқланган.
Қайд этилишича, П.Р. нинг 3 нафар фарзанди бўлган. У 3 марта наркотик сотиш билан судланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Қарши шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Фуқаронинг ўзини ёқиб юбориши сабаблари аниқланмоқда.