Чиқиндилар билан боғлиқ ишларни ташкил этиш тизимини ислоҳ қилиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент фармони қабул қилинди.
Фармонга кўра, тадбиркорлик субъектлари – санитар тозалаш корхоналаридан (давлат унитар корхоналари бундан мустасно) ундириладиган қуйидаги мажбурий тўловлар бекор қилинади:
- Санитар тозалаш бўйича ихтисослаштирилган корхоналар республика бирлашмасига санитар тозалаш хизматларини кўрсатганлик учун ундириладиган тўловлардан 5 фоиз миқдоридаги ажратмалар;
- Санитар тозалаш хизматларини ташкил этиш марказларига санитар тозалаш хизматларини кўрсатганлик учун ундириладиган тўловлардан 5 фоиз миқдоридаги ажратмалар.
Шунингдек, 2026 йил 1 январгача асосий фаолияти чиқиндиларни тўплаш, олиб чиқиб кетиш, саралаш ва қайта ишлаш ҳисобланган тадбиркорлик субъектлари учун ушбу фаолият тури бўйича фойда солиғи (тижорат банкларида жойлаштирилган маблағлардан олинган фоизлардан ташқари) ва ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз миқдорида қўлланилади.
Кичик тадбиркорлик субъектлари бўлган санитар тозалаш корхоналарига:
- Инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш доирасида банкларнинг миллий валютада ажратиладиган кредитлари бўйича 50 фоизгача (50 фоиз ҳам киради), бироқ умумий қиймати 2,5 миллиард сўмдан ошмаган миқдорда кафилликлар;
2024 йил 1 январгача инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш доирасида банкларнинг миллий валютада ажратиладиган, умумий қиймати 5 миллиард сўмдан, фоиз ставкаси Марказий банк асосий ставкасининг 1,5 бараваридан ошмаган кредитлари бўйича унинг асосий ставкадан ошган, бироқ асосий ставканинг 30 фоизидан кўп бўлмаган қисмини қоплаш учун уч йил муддатгача “2+1” тамойили асосида компенсациялар тақдим этилади.
2023 йилдан бошлаб чиқинди йиғиш учун махсус майдончасиз қурилаётган кўп хонадонли уйларни лойиҳалаштириш ва қабул қилиш тақиқланади.
2022 йил 1 октябргача аҳолига қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари учун тўловларни барча мавжуд тўлов тизимлари орқали амалга ошириш имконияти яратилади.
2022 йил 1 ноябргача қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари учун аҳоли томонидан мажбурий тўловларни тўлаш ва ҳисобини юритишнинг ягона электрон тизими “Электрон ҳукумат” тизимининг идоралараро интеграциялашув платформаси ва “Хорижга чиқиш паспорти” ахборот тизими билан интеграция қилиниши таъминланади.