“Республикада қон билан ишлаш хизмати муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш ва аҳоли орасида беғараз донорлик ҳаракатини ривожлантириш чоралари тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди.
Қарор билан қон билан ишлаш хизматини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари белгиланди. Аҳоли орасида беғараз донорлик маданиятини шакллантириш, донорлик ҳаракатини кенг жамоатчилик иштирокида ривожлантириш, қон донорларига сифатли хизмат кўрсатиш ва улар учун қулай шарт-шароитлар яратиш шулар жумласидан.
2024 йил 1 январгача қон билан ишлаш хизмати муассасаларида донорлар қонида гемотрансмиссив инфекциялар мавжудлигини икки босқичли текшириш (ИФА/ПЗР) амалиёти йўлга қўйилади.
2023 йил 1 январдан:
“Ўзбекистон Республикаси фахрий донори” кўкрак нишони учун мукофот БҲМнинг 5 бараваридан 15 бараваригача (1,5 млндан 4,5 млн сўмгача) оширилади;
- шунингдек, мазкур кўкрак нишони билан тақдирланганларга қуйидаги ҳуқуқлар берилади:
- улар учун қулай бўлган вақтда йиллик асосий меҳнат таътилига чиқиш;
- шаҳар жамоат транспортининг барча турларидан бепул фойдаланиш;
- давлат санаторий-курортларида даволаниш учун йўлланмаларни навбатсиз олиш;
- доимий (йилига камида 3 марта қон топширувчи) донорлар ва уларнинг яқин қариндошлари стационар даволаниш жараёнида, қон ва унинг таркибий қисмлари билан бепул таъминланади;
- донорларни бепул овқат билан таъминлаш бўйича харажатларнинг қиймати республика бўйича бир хил – меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 3 фоизи миқдорида белгиланади.