Кеча, 3 август куни Хоразмдаги боғчада 5 ёшли бола вафот этгани ҳақида хабар бергандик. Вилоят прокуратураси ҳолат юзасидан қўшимча маълумот берди.
Қайд этилишича, марҳум Ш.Ў. 3 август куни боғчада тушликдан кейин соат 12:20 ларда ўзини ёмон ҳис қила бошлаганлигини пайқаган тарбиячи А.Р. боғча ҳамшираси А.Ж.ни чақирган.
Ҳамшира А.Р. томонидан Ш.Ў.га биринчи ёрдам кўрсатилган ва бу ҳақда тез тиббий ёрдам ҳамда боланинг ота-онасига хабар берилган.
Ш.Ў. тез тиббий ёрдам машинасида Хонқа ТТБ олиб борилган ҳамда кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан тиббиёт бирлашмаси жонлантириш бўлимида вафот этган.
Марҳум Ш.Ў.нинг ота - онаси А.Қ. ва М.А.га кўра, Ш.Ў.нинг тутқаноғи тутиб турган. Бироқ, бу ҳақда мактабгача таълим муассасаси ходимларини огоҳлантиришмаган. Шунингдек Ш.Ў. эпилепсия ёки бошқа касаллик билан тиббиёт бирлашмасида ҳисобда турмаган.
Мазкур ҳолат юзасидан Хонқа туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда, текширув вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинган.