"Ўзтрансгаз" АЖ мансабдорлари 4 триллион 904,7 млрд сўмни растрата қилиш йўли билан талон-тарож қилингани ва 7,4 млрд сўм маблағ ортиқча мукофот пуллари сифатида тўлаб берилиб, ўзлаштирилгани натижасида давлат ва жамият манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказилгани ҳақидаги хабарни блогер Хуршид Далиев ижтимоий тармоқларга сиздирди.
Хабарда айтилишича, "Ўзтрансгаз" АЖнинг мансабдорларига нисбатан ЖКнинг қатор моддалари билан жиноят иши қўзғатилгани ва жиноят иши доирасида Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти суриштирув бошлаган.
Ушбу хабар юзасидан "Ўзтрансгаз" АЖ Ахборот хизмати муносабат билдирди.
Унга кўра, "Ўзтрансгаз" АЖ ўз мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши очилганидан хабари йўқ ва ҳозирда ҳам ҳеч бир мансабдор шахс бирор жиноий иш доирасида тергов жараёнига жалб қилинмаган.
"Барча ОАВ ва блогерларга, "Ўзтрансгаз" АЖ ҳамкорлик учун очиқлиги ҳамда барча саволларга жавоб беришга шайлигини яна бир бор маълум қиламиз", — дейилади хабарда.
Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментига кўра, мазкур жиноят иши Бош прокуратура томонидан назорат тартибида ўрганилганида, терговга қадар текширув ҳаракатлари тўлақонли ўтказилмасдан қарор барвақт қабул қилинганлиги аниқланган.
Шу сабабли, жиноят иши қўзғатиш ҳақидаги қарор 16 май куни бекор қилиниб, қўшимча равишда терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб боришлик учун юборилган, дейилади Бош прокуратура хабарида.