Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги ўзбекистонликларни Россияда иш танлашда эҳтиёт бўлишга чақирди.
Хусусан, Aгентлик маълумотларига кўра, айрим ахборот каналларида Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқароларини юқори маош эвазига Россияга ишлашга таклиф қилувчи эълонлар тарқатилмоқда. Бу эълонлардан асосий мақсад фуқароларни Россия ва Украина ўртасидаги можаро зоналарига жалб қилишдир.
Қайд этилишича, фуқароларга юқори маош эвазига хусусий қўриқлаш компанияларида иш таклиф қилиниб, Россия фуқаролигини олишда ёрдам ваъда қилинмоқда. Бироқ, аслида, иш Россия ва Украина ўртасидаги зиддият зонасидаги вазифаларни бажаришдан иборат.
"Шу муносабат билан, ватандошларимиздан хорижда иш таклифлари ҳақидаги норасмий эълонларга ишонмасликларини сўраймиз”, — дейилади агентлик хабарида.
Эслатиб ўтамиз, ЖКнинг 154-моддаси (Ёлланиш), низоли давлат фуқароси ёки ҳарбий хизматчиси бўлмаган шахснинг хорижий давлат ҳудудида ёки томонида қуролли можарода ёки ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиши, моддий мукофот ёки бошқа шахсий манфаатлар олиш мақсадида ушбу жиноят содир этилган бўлса, беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.