Эндиликда йўқотилган ҳайдовчилик гувоҳномасини қайта тиклаш учун имтиҳон топшириш тизими бекор қилинди. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори қабул қилинди.
Қарорда қайд этилишича, йўқолган миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси (эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси ёки унинг талони)нинг дубликати транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган ҳайдовчилик гувоҳномалари маълумотлар базасидан текширилгандан сўнг имтиҳонларсиз берилади.
Эслатиб ўтамиз, аввал йўқолган миллий ҳайдовчилик гувоҳномасининг дубликати назарий ва амалий имтиҳонларни топширгандан, шунингдек, транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган шахсларнинг ҳайдовчилик гувоҳномалари маълумотлар базаси текширилгандан сўнг бериларди. Ваколатли бўлим ҳужжатлари билан тасдиқланган ўғирлик, ёнғин, табиий офат ва шунга ўхшаш сабабларга кўра йўқотиш ҳолатлари бундан мустасно.