ИИВ Матбуот хизматининг хабар қилишича, жорий йилнинг февраль ойида ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан амалга оширилган тезкор тадбирлар натижасида Қўқонда яшаган Ўзбекистонда фаолияти тақиқланган "Ҳизб ут-Таҳрир" диний-экстремистик ташкилоти тарафдори 1979 йилда Фарғона вилоятида туғилган А.М.нинг жиноий фаолиятига чек қўйилган эди.
Тергов жараёнида маълум бўлишича, А.М. муқаддам "Ҳизб ут-Таҳрир" сафида фаолият олиб борганлиги учун 2000-2004 ва 2007-2013 йилларда жазо муддатини ўтаб чиққан.
Бироқ, у ўзига тегишли хулоса чиқармай жиноий фаолиятини тиклаб, Интернетнинг “Facebook” ижтимоий тармоғидаги «Азам Шодмонов» номли профили орқали экстремистик ғояларни тарғиб қилиб, виртуал дўстларига «Ҳизб ут-Таҳрир» ДЭТнинг аудио-видео материалларини тарқатиб келган.
А.М.нинг жиноий ҳаракатлари айни пайтда, Полшада яшириниб келаётган «Ҳизб ут-Таҳрир» ДЭТнинг ғоявий етакчиларидан бири бўлган, Ўзбекистондаги ва хориждаги ўзбекистонликларни радикаллашувига ҳамда жиноятчига айланиб қолишларига сабабчи бўлаётган “Маҳмуд Абдулмўмин” тахаллусли 1980 йилда Қирғизистон Республикасида туғилган, мазкур давлат фуқароси ва содир этган жиноятлари учун халқаро қидирувда бўлган А.М. томонидан бошқарилган.
Жорий йилнинг июль ойида А.М. нинг жиноий қилмишлари Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят суди томонидан кўриб чиқилиб, у 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинди.