Ўзбекистон ФВВ 16 июлга ўтар кечаси Қозоғистоннинг Қарағанда вилояти Шет туманида Олмаота-Екатеринбург трассасида микроавтобус ва юк машинаси билан содир бўлган ЙТҲ оқибатида икки нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлгани ҳақидаги маълумотни рад этди.
“ЙТҲ вақтида Меrcеdеs-Benz Sprinter микроавтобусида жами 18 нафар йўловчи бўлган. 8 нафар йўловчи воқеа жойида ҳалок бўлди, уларнинг барчаси Қозоғистон фуқаролари, қурбонлар орасида ўзбекистонликлар йўқ", - дейилади Ўзбекистон ФВВ хабарида.
Шунингдек, 10 нафари турли даражаларда тан жароҳати олган, уларнинг 5 нафари Ўзбекистон фуқаролари бўлиб, айни вақтда уларга Aксу-Aюли қишлоқ касалхонасида малакали тиббий хизмат кўрсатилмоқда. Улардан 1 нафарига амбулатор даволаниш учун рухсат берилган.