Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигига Волгоград вилоятига ишлаш учун кетган 38 нафар Ўзбекистон фуқароси иш берувчи томонидан алданиб қолгани ҳақида маълумот келиб тушди. Бу ҳақда UzNews.uz’га Меҳнат миграцияси масалалари агентлигининг Волгограддаги ваколатхонаси хабар берди.

Маълум бўлишича, фуқаролардан шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар олиб қўйилган ва уларга иш ҳақи берилмаган. Бундан ташқари, улар мажбурий меҳнат ва жисмоний зўравонликка дучор бўлган.
Меҳнат миграцияси масалалари агентлигининг Волгоград бўйича вакили Шерзод Каттахонов вилоят ИИБ раҳбарияти билан биргаликда воқеа ҳолатларига ойдинлик киритиш мақсадида воқеа жойига йўл олди. Рейдга ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳам жалб қилинган.
Маълум бўлишича, фуқаролар Волгоградга қашқадарёлик шахс томонидан жўнатилган. Уларнинг маоши ойига 40-45 минг рубл бўлишига ишонтириб, барча транспорт харажатларини қоплашга ваъда берган.
Волгоградга келганидан сўнг, қонунийлаштириш ва патент олиш учун барча ҳужжатлар фуқаролардан тортиб олиниб, қайтариб берилмаган.
Фуқароларнинг сўзларига кўра, уларни кунига 12 соат ишлашга мажбурлаган, дубинка ва шиша бутилка билан уришган.
Кейинроқ иш берувчи қўлга олинган. Ҳозирда жиноий иш қўзғатиш масаласи кўриб чиқилмоқда. Барча ўзбекистонликларга ҳужжатлари қайтарилиб, иш ҳақи тўланган.
Агар сиз ҳам иш берувчилар қўлидан жабр кўрган бўлсангиз ёки Волгоград ёки Астраханда сизнинг ҳуқуқларингиз бирон-бир тарзда бузилган бўлса, агентликка +79995534403 рақамига мурожаат қилишингиз мумкин.