Фармонга кўра, концерт-томоша фаолиятини лицензия асосида амалга оширувчи ижрочиларнинг рейтинг гуруҳлари сони амалдаги 6 тадан 3 тага қисқартирилади. Бунда, аҳолига концерт-томоша хизматларини кўрсатиш ҳуқуқи ижрочиларнинг рейтинг гуруҳлари орасида қуйидагича тақсимланади:
а) I рейтинг гуруҳи ижрочиларига:
- республика ҳудудида ва унинг ташқарисида яккахон концерт ташкил этиш;
- II ва III рейтинг гуруҳлари ижрочилари учун назарда тутилган ҳуқуқлардан фойдаланиш;
б) II рейтинг гуруҳи ижрочиларига:
- битта жанр икки ва ундан кўп ижрочилари иштирокидаги концерт-томоша дастурида, турли жанрлар йўналишлари бир нечта ижрочилари иштирокидаги концерт-томоша дастурида қатнашиш;
- оммавий ахборот воситаларида қўшиқлар ва видеоклипларни тақдим этиш;
- III рейтинг гуруҳи ижрочиси учун назарда тутилган ҳуқуқлардан фойдаланиш;
в) III рейтинг гуруҳи ижрочиларига:
- тўй, юбилей ҳамда бошқа маросим ва тантаналарда, жумладан, тўйхона, ресторан, ҳордиқ чиқариш ташкилотлари (клуб, дискотека, бар ва қаҳвахона) ва хусусий уйларда концерт-томоша хизматларини кўрсатиш;
- созанда ва раққос(а)лар томонидан битта жанр икки ва ундан кўп ижрочилари иштирокидаги концерт-томоша дастурларини ташкил этиш ва уларда қатнашиш.
- Концерт-томоша фаолиятини амалга ошириш лицензияси учун давлат божини ундириш бўйича 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб давлат божи ставкалари пасайтирилади ва қуйидаги миқдорларда белгиланади:
- I рейтинг гуруҳи учун базавий ҳисоблаш миқдори 20 баравари миқдорида;
- II рейтинг гуруҳи учун базавий ҳисоблаш миқдори 10 баравари миқдорида;
- III рейтинг гуруҳи учун базавий ҳисоблаш миқдори 3 баравари миқдорида;
б) қуйидаги санъаткорлар давлат божини тўлашдан озод этилади:
- ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар;
- ногиронлиги бўлган шахслар;
- таълим муассасаларида ўқийдиган талабалар – ўқиш муддати давомида;
в) юридик шахс ташкил этган ижодий жамоалардан давлат божи ягона лицензия бўйича ундирилади.
Фармонга кўра, қатъий белгиланган миқдордаги солиқ тўлашни танлаган ижрочилардан даромад солиғи бир йилда бир марта қуйидаги миқдорларда ундирилади:
- I рейтинг гуруҳи ижрочиларидан 2,7 миллион сўм миқдорида;
- II рейтинг гуруҳи ижрочиларидан 1,8 миллион сўм миқдорида;
- III рейтинг гуруҳи ижрочиларидан 1,0 миллион сўм миқдорида.
Белгиланишича, 2024 йил 1 январга қадар III рейтинг гуруҳи ижрочилари қатъий белгиланган миқдордаги солиқ тўлашдан озод этилади.
Шунингдек, 2025 йил 1 январга қадар концерт-томоша фаолиятини лицензия асосида амалга оширувчи жисмоний шахслар меҳнат шартномаси асосида банд бўлмаган тақдирда, улардан концерт-томоша фаолияти бўйича ижтимоий солиқ бир йилда базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида ундирилади.