Жорий йилнинг 12 июль куни Москвада Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Владимир Норов ва Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров иштирокида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Ўзбекистон-Россия стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.
Томонлар ўзаро манфаатли конструктив сиёсий мулоқот, савдо-иқтисодий ҳамкорлик ва маданий-гуманитар алмашинувларни янада фаоллаштириш тарафдори экани таъкидланди.
Олий даражадаги учрашувларда эришилган келишувларни ҳар томонлама амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
Томонлар жаҳон ва минтақавий сиёсатнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашдилар. БМТ, МДҲ, ШҲТ ва бошқа халқаро институтлар доирасидаги ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олинди.
Бўлажак тадбирларнинг ташкилий-мазмуний жиҳатлари, жумладан, 2022 йил 28-29 июль кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган ШҲТга аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг мажлиси муҳокама қилинди.
Россия томонига Ўзбекистонда бошланган конституциявий ислоҳотларнинг бориши ва устувор йўналишлари ҳақида маълумот берилди.