Поиск
RUUZ

Политика

Нукусдаги ноқонуний намойишлар юзaсидан Қорақалпоғистон олий ҳокимияти баёнот берди

1 июль куни Қорақалпоғистон Республикасининг давлат бошқаруви органларини эгаллашга уринишда ифодаланган ғайриқонуний ҳаракатларни ташкил этган бир гуруҳ жиноятчи шахслар қўлга олинган.

1101views0replies
-1

Telegram

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида ёзилишича, Ўзбекистонда олиб борилаётган очиқлик ва хоҳиш-иродани эркин ифода қилиш сиёсатига қарамай, 2022 йил 1 июль куни Нукус шаҳрида бир гуруҳ жиноятчи шахслар Қорақалпоғистон Республикасининг давлат бошқаруви органларини эгаллашга уринишда ифодаланган ғайриқонуний ҳаракатларни ташкил этди.
“Популистик шиорларни ниқоб қилиб олиб, фуқароларнинг онги ва ишончини манипуляция қилиб, тартибсизликлар ташкилотчилари ҳокимият вакилларининг қонуний талабаларига бўйсунмай, республика фуқароларини Қорақалпоғистон Республикасининг маъмурий бинолари олдидаги майдонга йиғдилар.
Иғвогарлар йиғилган фуқароларга таянган ҳолда ушбу давлат муассасаларини эгаллаб олишга ва шу орқали жамиятда ихтилоф келтириб чиқариш, Ўзбекистондаги ижтимоий-сиёсий вазият барқарорлигини издан чиқаришга уриндилар", - дейилади баёнотда.
Таъкидланишича, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан қабул қилинган қатъий чоралар билан ташаббускорларнинг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари тўхтатилиб, оммавий тартибсизлик уюштиришга уринишлар тарқалишига чек қўйилди.
Оммавий тартибсизликлар ташкилотчиларининг бир гуруҳи ҳамда ҳуқуқни муҳофаза этувчи органларга фаол қаршилик кўрсатган шахслар қўлга олинган.
Ҳозирда уларга нисбатан тергов-суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Барча иғвогарларнинг шахси аниқланади ва улар амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилиши таъминланади.
“Шуни ишонч билан айтамизки, давлатимиз вазиятни янада беқарорлаштирилишига йўл қўймаслик учун барча зарур салоҳиятга эга. Республикадан ташқаридаги носоғлом кучларнинг Қорақалпоғистондаги вазият ривожига, шу жумладан аниқ йўналтирилган ахборот хуружлари ва рўй бераётган воқеаларни қасддан бузиб кўрсатиш орқали таъсир қилишга уринишлари қайд этилмоқда.
Юзага келган вазиятда жамоат хавфсизлиги ва барқарорлигини таъминлашда, фуқароларни ғайриқонуний хатти-ҳаракатлардан огоҳлантириб, юзага келган масалаларни қонун доирасида ҳал қилишда биргаликда саъй-ҳаракат қилишга чақирамиз", - дейилади хабарда.
1101views0replies
-1

Комментарии