Алишер Усмонов “Forbes” нашрига берган интервьюсида Ислом Каримов давридаги Ўзбекистон ҳақида гапирди.
“Ўзбекистон Ислом Каримов режими даврида бой берилган бир неча ўн йилликлардан сўнг, таъсирчан ислоҳотлар йўлини бошдан кечирмоқда. Ўша пайтларда (Ислом Каримов даврида) мен бу ерда на ишлай олардим ва на яшай олардим. Аммо бугун мен ўз мақсадимни Ўзбекистонга ўз салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқаришда ёрдам беришда кўраман. Бу иқтидорли ва меҳнаткаш инсонларга бой мамлакат”, - дея таъкидлади Усмонов.
Шунингдек, унинг қўшимча қилишича, Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонни дунёга олиб чиқиш учун “бор кучини” сарфламоқда.
Алишер Усмонов санкциялар ва Тошкентдаги ҳаёт ҳақида ҳам гапирди.
Тадбиркорнинг таъкидлашича, у сиёсат билан шуғулланмаган ва ҳеч қачон Россия давлатидан ҳеч нарса олмаган — 1990 йилларда давлат мулкини хусусийлаштириш пайтида ҳам, ундан кейин ҳам.
“Санкция қўллаётганлар стереотипларга камроқ таяниши керак – ҳалол меҳнат ва ўз ақли билан бойлик орттирганлар ҳам бор", - деди Усмонов.
Унинг сўзларига кўра, хайр-эҳсон қилиш ва сармоя жалб қилиш қийинлашди, шу боис чекловлар нафақат унга, балки унинг ёрдамига муҳтож барча одамларга ҳам таъсир қилди.