Тошкент аэропортида ҳамроҳлик қилувчи шахсларнинг терминалга киришига вақтинчалик чекловлар жорий этилди. Бу ҳақда Uzbekistan airports Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Қайд этилишича, зиёратчиларнинг Ҳажга жўнаб кетиши ва ҳаждан қайтиб келиши, шунингдек, Тошкент халқаро аэропортида олиб борилаётган реконструксия ишлари муносабати билан терминалга кузатувчиларнинг киришига вақтинчалик чекловлар жорий этилди.
Терминал биноси ва терминал олди ҳудудларда тирбандликлар ҳамда тиқилинч ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида чекловлар жорий йилнинг 31 июлига қадар амал қилади.
Эстакадага чиқиш автомобиллар ва автобуслар учун очиқ. Маълумот учун, эстакадага кириш қоидалари қуйидагича:
Йўловчилар ва кузатувчилар учун “Тошкент” халқаро аэропорти эстакадасига кириш эркин.
Таксилар, сайёҳлик автобуслари ва чет эл делегацияларининг транспорти учун эстакадада ҳаракатланишга рухсат этилади.
Эстакада бўйлаб терминалга ўтиш қоидалари:
— Эстакаданинг ўнг томондаги чизиғи сайёҳлик автобуслари ва микроавтобуслар учун, чап томондаги чизиғи эса таксилар учун мўлжалланган;
— Таксилар учун эстакадада йўловчиларни олиш/тушириш вақти 5 дақиқадан, сайёҳлик автобуслари ва микроавтобуслар учун 10 дақиқадан ошмаслиги керак;
— Эстакаданинг ўнг ва чап чизиқларини ажратиб турадиган сариқ чизиқда тўхташ тақиқланади ва жарима тўланишини назарда тутадиган қоида бузарлик ҳисобланади.
Эстакадада бир вақтнинг ўзида 30 та енгил автомобил ёки туристик автобусларни ҳисобга олган ҳолда, 17 та автомобиллар жойлашиши мумкин.