Сурхондарёнинг Хатак ғорида яна бир неандертал одам макони аниқланди. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги Матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Шеробод туманида жойлашган Сурхон давлат қўриқхонаси Хатак бўлими Боғли дара массивида 2021 йилда археологлар томонидан мил.авв. 100-40 минг йилликка оид неандертал одам макони топилиб, жорий йилнинг июнь ойидан кенг кўламли қазишма ишлари бошлаб юборилган.
Қазишма давомида вертикал қоянинг юзасида 15-20 м баландликда ҳосил бўлган ва кириш жуда қийин бўлган ушбу ғорда тош қуроллар, ёввойи ҳайвонларнинг майдаланган суяклари билан бирга 100-60 минг йил олдин яшаган неандертал одами ҳаётининг тўлиқ ва бузилмаган манзараси (кул, думалоқ ўчоқ қолдиқлари) сақланиб қолганлиги аниқланди.
ЎзР ФА Миллий археология маркази ҳамда Австралиянинг Гриффет университети ходимлари томонидан қазишма ишлари давом эттирилмоқда.