Наманган вилоятида 1977 йилда туғилган фуқаро Э.М. 2019-2021 йилларда Туркиянинг Истанбул шаҳрида бўлиб, "Содиқ Самарқандий"нинг мадрасаларида таълим олган.
Натижада, у экстремистик ва террорчилик ташкилотлар ғоялари таъсирига тушиб, Сурияга бориш ва у ердаги жангарилардан бирига турмушга чиқишни режалаштиради.
Шу мақсадда, фуқаро Э.М. 2021 йилнинг март ойида Туркиядан доимий яшаш манзилига қайтиб келиб, 3 нафар фарзандини ўзи билан бирга олиб, "Қирғизистон-Туркия-Сурия" йўналишида ҳаракатланаётган вақтида чегара ҳудудида тўхтатилган ҳамда доимий яшаш манзилига қайтарилган эди.
Олиб борилган тушунтириш ишларига қарамай, фуқаро Э.М. ўзининг Суриядаги жангарилар сафига қўшилиш мақсадидан воз кечмаган ҳамда у ердаги ҳамфикрлари билан ижтимоий тармоқлар орқали ёзишмаларни давом эттириб келган.
Шунингдек у интернет тармоғида бир қатор гуруҳлар ташкил қилиб, гуруҳ аъзолари орасида ақидапарастлик ва экстремистик мазмундаги материалларни тарқатган ҳамда Суриядаги жангариларга моддий ёрдам беришга тарғиб қилган.
Фуқаро Э.М. жиноий мақсадига эришиш йўлида фарзандини ҳам қурбон қилишга тайёрлигини ўзининг балоғат ёшидаги қизи Э.Х.ни шу йилнинг март ойида Туркияга жўнатиб, у ердаги экстремистик ва террорчилик ташкилотлари раҳнамоларининг қўлига таълим олиши учун топширган.
Юқорида қайд этилган ҳолатлар юзасидан фуқаро Э.М.га нисбатан ЖКнинг 244-1-моддаси билан жиноят иши қўзғатилди.