Вазирлар Маҳкамасининг "Ёқилғи-энергетика ресурслари нархларини ўзгартириш тўғрисида"ги қарори лойиҳасида назарда тутилган жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб электр энергияси ва газ тарифларига ўзгартиришлар киритилмаган, дея хабар берди Энергетика вазирлиги Ахборот хизмати.
Қайд этилишича, мазкур қарор лойиҳаси ҳозирда ишчи гуруҳ томонидан ўрганилмоқда.
– Мазкур лойиҳа доирасида фуқаролардан мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган бўлиб, айни пайтда улар Энергетика, Молия ва Иқтисодий ривожланиш вазирликлари мутахассислари томонидан таҳлил қилинмоқда. Келиб тушган таклифлар бўйича барча хулосалар ва мутахассисларнинг хулосалари тақдим этилганидан сўнг ушбу масала бўйича якуний ва тегишли қарор қабул қилинади", — дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, юқоридаги қарор лойиҳасига кўра, 1 июлдан бошлаб электр энергияси ва табиий газ истэъмоли учун янги тарифларни белгилаш таклиф қилинган эди.
Хусусан, 1 кВт/соат учун электр энергияси нархини 295 сўмдан 325 сўмга, 1 м3 газ истэъмоли нархини эса 380 сўмдан 410 сўмга ошириш режалаштирилган эди.
Қабул қилинган меъёрларга кўра, тарифлардаги ўзгартириш тегишли қарор қабул қилингандан кейин 15 кундан кейин кучга киради.