Давлат экология қўмитаси Матбуот хизматининг хабарига кўра, қўмита ва “Falcon hunting solutions” компанияси томонидан Ўзбекистон "Қизил китоби" ҳамда халқаро “Қизил китоб”га киритилган ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ноёб қуш йўрға тувалоқлардан яна 402 таси Устюрт текислиги ҳудудига қўйиб юборилди.
Маълумотларга кўра, Қорақалпоғистонда 2017-2021-йиллар оралиғида жами 9491 бош йўрға тувалоқ табиатга қўйиб юборилган. Йўрға тувалоқлар 2009 йилда Ўзбекистон “Қизил китоби”га ноёб тур сифатида киритилган.
Йўрға тувалоқ Ўзбекистонда асосан Қизилқум чўлида, Ўзбекистондан ташқарида Қозоғистон, Туркманистон, Тожикистон, Кавказ орти, Миср, Ғарбий Осиё, Мўғулистонда уялайди.
Чўлларга баҳорга яқин учиб келади. Ҳар бири 2-3 донадан тухум қўяди ва 21-25 кун давомида босиб ётади. Полапонлари июнь-июль ойларида уча бошлайди.
Айни пайтда мамлакатимизда бу ноёб қушларни махсус питомникларда кўпайтириб, табиат бағрига қўйиб юбориш ишлари йўлга қўйилган.