Ижтимоий тармоқларда ҳаво ҳарорати +60 даражани кўрсатаётган автомобиль термометри акс этган суратлар тарқалди.
Ўзгидромет бундай ҳарорат кўрсатгичларга автомобиль корпуси ва қуёш нурлари билан иситилган асфалт сабаб бўлгани маълум қилди.
“Ҳозирги кунда аҳоли ҳаво ҳароратини аниқлаш учун маиший термометрлардан кенг фойдаланмоқда. Кўпинча, бу асбобларнинг қабул қисми тўғридан-тўғри қуёш нурларидан ёки атрофдаги жисмларнинг иссиқлик нурланишидан ҳимояланмаган. Бундай ҳолда, термометр ҳаво ҳароратини эмас, балки термометр қабул қилувчи қисмининг исиш ҳароратни ўлчайди”, - дейилади хабарда.
Мутахассисларнинг қайд этишича, автомобиль ичида бўлган инсон автомобиль корпуси қуёш нурлари ва қизиган асфалтдан иссиқлик нурланишини ҳис этади. Шунинг учун автомобилдаги ўлчаш асбоблари +60 даража ва ундан юқори ҳароратни кўрсатиши мумкин.
Иссиқлик нурланиш омилларининг таъсирини истисно қилиш, ва бутун дунёда амалга оширилган метеорологик ўлчовларни бир бирига таққослаш жараёнини осонлаштириш мақсадида, кузатувлар, Жаҳон метеорология ташкилоти қоидаларига мувофиқ, бир хил методология ва бир хил стандарт шароитларда амалга оширилади.
Таъкидланишича, Ўзбекистонда метеорологик кузатишларнинг барча йиллари учун энг юқори ҳарорат (+48…+49 даражадан) Қизилқум чўлида (1983 йил июл ойида) ва Термиз шаҳри ҳудудида (1941 йил июнь-июль ойларида) қайд этилган.
Тошкентда абсолют ҳарорат максимуми +44,6 даражани ташкил этади. Ушбу ҳарорат 1997 йил 18 июль куни қайд этилган.