Олий Мажлиси Сенатида 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан бир гуруҳ миллий ва хорижий журналистларни тақдирлашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Тадбир давомида Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева “Ўзбекистон 24”, “Менинг юртим”, “Севимли”, “Зўр ТВ”, “Узрепорт” телеканаллари, “Янги Ўзбекистон”, “Халқ сўзи – Народное слово”, “Овози тожик”, “Нурлы жол”, “Куч адолатда”, “Биржа” газеталари, “ЎзА”, “Дунё”, “Рейтер”, “Анадолу” каби миллий ва хорижий ахборот агентликлари, “Kun.uz”, “Daryo.uz”, “Uznews”, “Bugun.uz”, “Gazeta.uz”, ва бошқа Интернет нашрлари, шунингдек, Зафар Солижонов, Ақидахоним, Барногул Санақулова, Баҳодир Аҳмедов, Хуршид Далиев каби фаол журналист ва блогерлар билан учрашди.
Суҳбат давомида Сенат Раиси журналистларни табриклаб, бугун ОАВ вакиллари ва блогерларнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини ошириш, ижтимоий мақоми ва нуфузини кўтариш, соҳа ходимларини рағбатлантиришга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилаётганини алоҳида таъкидлаб ўтди.
"Мамлакатимизда юз бераётган янгиланиш ва ўзгаришлар жараёнларини, кенг кўламли ислоҳотлар натижасида қабул қилинаётган қонунларнинг мазмун-моҳиятини, парламент ҳаёти, хусусан, Олий Мажлис Сенати фаолиятига доир янгиликларни тезкор ва холис ёритиш борасидаги самарали меҳнатингизни юксак қадрлаймиз", — деди Танзила Нарбаева.
Учрашувда сўзга чиққан оммавий ахборот воситаларининг ходимлари ва блогерлар Сенат раҳбариятига журналистларнинг парламент фаолиятини, хусусан Сенат, унинг қўмиталари ва сенаторларнинг фаолиятини тезкор ва холисона ёритиш учун яратилган шарт-шароитлар учун самимий миннатдорлик билдирдилар.
Таклиф этилган ОАВ ходимлари ва блогерлар учун Сенат биносида пресс-тур ҳам ташкил этилди.