Бугун, 27 июнь куни Тошкентда ДХХ томонидан қарийб 2 тонна гиёҳвандлик воситалари ёқиб юборилди. Бу ҳақда гиёҳвандлик воситалар ноқонуний муомаладан мусодара қилинган гиёҳвандлик воситаларини йўқ қилиш бўйича тадбирда иштирок этган UzNews.uz мухбири маълум қилди.
Қайд этилишича, 1 тонна 933 кг 695 гр гиёҳвандлик воситалари, шу жумладан 133 кг 713,5 гр героин, 159 кг 478 гр опий, 1 тн дан ошиқ гашиш, 300 кг 786 гр марихуана, 79 кг 842,5 гр кўкнор, 247 кг 150,4 гр каннабис ҳамда турли хилдаги психотроп ва психофаол моддалар ёқиб юборилган.
Ўзбекистонга афғон наркотикларини асосан, Тожикистон ва Қирғизистондан ҳамда тўғридан-тўғри Афғонистондан Амударё орқали Сурхондарё вилоятига, жанубий-шарқдан - Самарқанд ва Сирдарё вилоятларига ҳамда шимолий-шарқдан - Фарғона водийси ва Тошкент вилоятига олиб кириш ҳолатлари учрамоқда.
Ўзбекистонда 2021 йилда гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноятларни амалга оширганлиги учун ушланган шахсларнинг 131 (55) тасини чет эл фуқаролари ташкил этиб, улар, Афғонистон – 55 (23), Қозоғистон – 6 (9), Тожикистон – 37 (9), Россия – 7 (6), Қирғизистон – 18 (6), Франция – 1 (0), Италия – 1 (0), Швеция – 1 (0), Эрон – 2 (0), Буюк Британия – 1 (0), АҚШ – 1 (0), Молдова – 0 (2) ва Исроил – 1 (0) фуқаролари бўлган.