Ўзбекистонда жамоат транспортидан имконияти чекланганлар ҳам фойдалана оладими, сарлавҳаси остида ижтимоий тажриба тўғрисида видеоролик тарқалди.
Ушбу ҳолат юзасидан Транспорт вазирлиги муносабат билдирди.
Мазкур ижтимоий тажриба давомида йўналишларда фаолият кўрсатаётган автобус ҳайдовчилари турли баҳоналар билан ногиронлиги бўлган шахснинг жамоат транспорти хизматидан фойдаланишини рад этишгани акс этган.
Ушбу ҳолат Андижон вилояти Транспорт бошқармаси томонидан назоратга олинди. Ҳамда махсус ишчи гуруҳи тузилиб йўналишларда ўрганиш ишлари ўтказилди. Ўрганиш давомида "Alpomish Merosi" МЧЖ томонидан йўналишларда фаолият юритаётган барча янги автобусларда пандус (аппарель) ускунаси техник соз ҳолатда эканлиги аниқланди.
Бироқ корхонага ишга янги қабул қилинган ҳайдовчиларнинг аксариятида ушбу ускунадан тўғри фойдаланиш кўникмалари мавжуд эмаслиги ойдинлашди.
Юқоридаги ҳолатларни инобатга олган ҳолда жорий йилнинг 22 апрель куни вилоят транспорт бошқармасида йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи корхона раҳбарлари иштирокида йиғилиш ўтказилди.
Унда барча тоифадаги йўловчиларга сифатли транспорт хизматлари кўрсатишни ташкил этиш, пандус (аппарель) билан жиҳозланган автобус ҳайдовчиларига зарурат туғилганда ушбу ускунадан тўғри фойдаланган ҳолда йўловчиларга хавфсиз хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.