Нью-Ёрк шаҳрида Ахборот технологиялари ва коммуникатсияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов ва Mastercard тўлов тизимининг вице-президент Сами Лахоуд ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси хабарига кўра, ташриф дастури жуда бой бўлиб, унда Американинг Apple, Google, Meta, Coursera, Visa, Mastercard ва бошқа йирик компаниялари бош офисларида учрашувлар ўрин олган.

Учрашувларда жаҳон IT-компанияларини Ўзбекистонга жалб этиш, уларнинг ички бозордаги иштирокини кенгайтириш, республикада фуқаролар учун йуқори ҳақ тўланадиган иш ўринлари яратиш, ўзбекистонлик фойдаланувчилар учун онлайн платформаларни монетизация қилиш воситаларидан фойдаланишни таъминлаш масалаларини муҳокама қилиш режалаштирилган.
Қайд этилишича, йиғилиш давомида Mastercard Inc. компанияси билан таълим лойиҳалари ва кичик ва ўрта бизнес субъектлари учун салоҳиятни ошириш бўйича ҳамкорлик, Entrepreneurs Odyssey, MasterCard Academy ва бошқа онлайн платформаларни ўзбек тилида ишга туширишни, Ўзбекистондаги кичик ва ўрта бизнес субъектларига ҳамда ОТМ талабалари учун маҳорат дарслари ва маърузалар ўтказиш учун ўзларининг электрон тижорат порталларини яратишда ёрдам бериш учун ўзбек тилидаги воситаларни соддалаштириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Учрашув якунида, Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникатсияларини ривожлантириш вазирлиги ва Mastercard Inc. компанияси ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида тегишли Ҳамкорлик Меморандуми имзоланди.