Поиск
RUUZ

Общество

ОТМларга қабул 20 июндан бошланади

Шунингдек, олий таълим муассасаларига қабул квоталари тасдиқланди.

453views0replies
0

Uznews.Uz

Энди олий таълим муассасаларига қабул 20 июндан бошланади. Бу бўйича президентнинг тегишли қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, 2022/2023 ўқув йили учун республика олий таълим муассасаларига абитуриент сифатида рўйхатдан ўтиш жараёнлари 2022 йилнинг 20 июнидан 20 июлига қадар (жорий кун ҳам) бўлиб ўтади. Бунда онлайн рўйхатдан ўтиш:
  • Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали;
  • Давлат тест марказининг расмий веб-сайти орқали орқали амалга оширилади.
Чет тили фанидан касбий (ижодий) имтиҳон ўтказиладиган таълим йўналишларига онлайн рўйхатдан ўтиш 10 июлига қадар (10 июль куни ҳам) амалга оширилади.
Шунингдек, 2022/2023 ўқув йили учун давлат буюртмаси параметрлари бакалаврлар тайёрлаш бўйича қуйидагича этиб тасдиқланди:
  • кундузги таълим шаклига — 77 477 нафар;
  • сиртқи таълим шаклига — 26 095 нафар;
  • кечки таълим шаклига — 3 725 нафар;
  • масофавий таълим шаклига — 3 410 нафар;
  • магистрлар тайёрлаш бўйича — 10 688 нафар.
Шунингдек, молиявий мустақиллик берилган 36 та давлат олий таълим муассасалари тўлов-контракт бўйича яна 50 мингдан ортиқ қабул параметрлари Кузатув кенгашлари қарори билан тасдиқланиши режалаштирилган. Натижада жорий ўқув йилида қабул параметрлари ўтган йилга нисбатан ошади.
Магистратурага қабул бир йилда икки марта – август ва январь ойларида ташкил этилади.
Шунингдек, 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари фақат давлат гранти бўйича тасдиқланади.
Қарорда ўқишни кўчириш бўйича янги тартиб ҳам белгиланган. Унга кўра, давлат ОТМсининг биридан бошқасига талабалар ўқишини кўчиришга фақатгина қуйидаги ҳолатларда рухсат берилади:
  • Талаба оила қуриши муносабати билан турмуш ўртоғи доимий яшайдиган ҳудуддаги олий таълим муассасасига ўқишини кўчириш учун мурожаат қилганда;
  • Давлат органларининг ходимлари иш жойи ўзгарган тақдирда унинг турмуш ўртоғи ёки вояга етмаган фарзанди ўқишини кўчириш учун мурожаат қилганда, тегишли вазирлик (идора) раҳбарининг тавсияси асосида.
Бошқа ҳолларда бир давлат ОТМдан бошқасига (ҳудудидан қатъи назар) ўқишни кўчиришга рухсат этилмайди. Хориждан ва Ўзбекистондаги хорижий ва нодавлат ОТМлардан ўқишни кўчиришда амалдаги тартиб сақланиб қолган.
453views0replies
0

Комментарии