Сомон прес ортилган юк машинаси ёниб кетгани акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалди. Ушбу ҳолат юзасидан Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати раҳбари Жаҳонгир Сагдуллаев маълумот берди.
Унга кўра, жорий йилнинг 9 июнь куни соат 10:00 атрофида Ургут туманининг Гулистон МФЙ ҳудудида Жиззах вилояти Зомин туманида яшовчи 1991 йилда туғилган фуқаро Х.Ж.га тегишли бўлган "ЗИЛ" юк автомашинасига ортилган 400 дона сомон преси ёниб кетди.
Аниқланишича, ҳайдовчи юк машинасига меъёридан ортиқ баландликда сомон ортгани учун ҳаракатланиб кетаётган вақтида электр тармоқларидаги симларга тегиб қолиши натижасида улар электр симини тепага кўтармоқчи бўлишганида қисқа туташув ҳамда чақнаш содир бўлган ва сомон тойлар ёниб кетган.
Ёнғин туман ФВБ ходимлари томонидан бартараф этилган. Ҳодиса оқибатида жароҳат олганлар йўқ. Ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.