Қайд этилишича, ушбу маблағлар мамлакатнинг турли ҳудудларида ландшафтлар барқарорлигини ошириш ва ўрмонларни қайта тиклашга, шунингдек, Ўзбекистоннинг трансчегаравий табиий зоналарни тиклаш бўйича Марказий Осиёдаги бошқа давлатлар билан ҳамкорлигини ривожлантиришга кўмаклашувчи лойиҳани молиялаштиришга йўналтирилади.
Лойиҳа Жаҳон банкининг Марказий Осиёда ландшафтлар барқарорлигини таъминлаш дастурининг (RESILAND CA+) бир қисмидир. Унинг мақсади чўлланиш ва ер деградациясининг олдини олиш, шунингдек, иқлим ўзгариши оқибатларига тайёрлигини кўтариш орқали ландшафтларнинг барқарорлигини оширишдан иборат.
Лойиҳани амалга ошириш учун Жаҳон банки гуруҳига кирувчи Халқаро тараққиёт ассоциацияси (ХТА) Ўзбекистон ҳукуматига паст фоиз ставкасида, қайтариш муддати 30 йил, шундан беш йили имтиёзли давр бўлган молиялаштиришни тақдим этади.
Лойиҳа тадбирларини амалга оширишга траст фондлар томонидан қўшимча молиялаштириш ажратилади: Корея-Жаҳон банки ҳамкорлик фонди (3 миллион доллар) ва Барқарор ва чидамли ландшафтлар учун глобал ҳамкорлик (8 миллион доллар).
“Жаҳон банки томонидан молиялаштириладиган янги лойиҳа ҳукуматга 2020 йил октябрь ойида қабул қилинган 2030 йилгача Ўзбекистон ўрмон хўжалиги тизимини ривожлантириш концепцияси қоидаларини амалга оширишда ёрдам беради. Ерлари деградацияга учраган ҳудудларда дарахт экиш тадбирлари орқали лойиҳа маҳаллий ландшафтларнинг барқарорлигини ошириш, озиқ-овқат тизимлари, одамлар ва инфратузилмаларнинг маҳсулдорлигини кўтариш ҳамда табиий ресурслардан янада самарали фойдаланиш, шунингдек, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш зоналарида экотуризмни ривожлантириш асосида иш ўринлари ҳамда кичик ва ўрта бизнес корхоналарини ташкил этишга ёрдам беради”, – деди Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Марко Мантованелли.