Поиск
RUUZ

Реклама

Тошкентда FIFA футбол бўйича жаҳон чемпионатининг кубоги қандай кутиб олинди — репортаж

Congress Hall'да жаҳон футболи юлдузлари иштирокида кубокни намойиш этиш маросими бўлиб ўтди. Спортчилар Ўзбекистонга ташрифи ва ёш спортчилар билан бўлган мулоқотдан таассуротлари ҳақида айтиб беришди.

85views0replies
0

6 июнь куни жаҳон футболи афсоналари Кристиан Карамбё ва Карлес Пуйоль кузатувида Тошкентга FIFA футбол бўйича жаҳон чемпионатининг кубоги олиб келинди.
Ўзбекистон бу йил ушбу трофей олиб келинган МДҲдаги ягона давлат бўлди. Унинг олиб келиниши ўзбек футболининг 110 йиллик юбилейига тўғри келгани ҳам эътиборга лойиқ.
«Coca-Cola Ўзбекистонни кубок олиб келинадиган МДҲдаги ягона давлат сифатида танлади. Чунки бизга «Янги Ўзбекистон» концепцияси ҳамда президентнинг очиқлик ва иқтисодиётни либерализация қилишга йўналтирилган сиёсати жалб қилади. Биз Ўзбекистонни халқаро футбол аренасида сезиларлироқ қилишга ёрдам беришни истаймиз. Ушбу ҳодиса футболга бўлган муҳаббатни мустаҳкамлаш ва минглаб ишқибозларни бирлаштириш учун трофейни олиб келдик», — деди Ўзбекистондаги Coca-Cola ваколатхонасининг раҳбари Мурат Серкан Дилек.
Пресс-конференция доирасида FIFA амбассадорлари — ўтган йилларнинг футбол бўйича Жаҳон кубоги чемпионлари Ўзбекистонга ташрифи ва ёш спортчилар билан бўлган мулоқотдан таассуротлари ҳақида айтиб беришди.
«Ўзбекистонда футболни жуда яхши кўришади. Масалан, бугун биз ёш футболчилар билан учрашдик. Футбол ҳақида гаплашдик ва муҳокама қилдик. Мен бизни бирлаштирган копток ёрдамида сеҳр қандай яратилганини кўрдим. Улар ҳам қандайдир маънода чемпион, чунки улар бирон ютуққа эришишни исташади ва бунга ҳар куни интилиб, бор кучларини сарфлашади. Спортчилар билан учрашиш жуда ёқимли бўлди, футбол ўйнадик, кулдик ва хурсанд бўлдик», — деди FIFA жаҳон чемпионатининг 1998 йилдаги ғолиби Кристиан Карамбё.
Испаниялик футболчи Карлес Пуйоль ҳам спортчилар учун бўлган маҳорат дарсида иштирок этди.
«Мен ёш спортчилар ушбу тадбирда қандай хурсандчилик билан қатнашишганини кўрдим. Уларда футбол ўйнаш ва ўз спорт кўникмаларини ривожлантиришга катта истак бор. Жаҳон чемпионати кубогининг саёҳати доирасида Coca-Cola томонидан ташкиллаштирилган ушбу тадбир спортчиларга мукофотни кўриш ва Жаҳон чемпионати каби ҳодисага яқинроқ бўлиш имконини беради», — дея қайд этди футболчи.
Миллий терма жамоа ютуқлари ҳақида гапирганда шуни таъкидлаб ўтиш керакки, ўзбек спортчиларининг етилишида ва уларнинг профессионал тайёргарлигида катта ролни Ўзбекистон футбол ассоциацияси ўйнайди. Футбол судьяси ва инструктор, ЎзФАнинг биринчи вице-президенти Равшан Эрматов жаҳон биринчилигида Ўзбекистон терма жамоаси дебютига бўлган режалар билан ўртоқлашди.
«Албатта, бу миллий терма жамоамизнинг бош орзуси. Шундай вақтлар бўлганки, Ўзбекистонни Жаҳон чемпионатида қатнашишдан бор-йўғи бир лаҳза узоқлаштирган — битта очко ёки битта гол. Ҳозирда бизда 2026 йилда ўтказиладиган чемпионатда иштирок этиш имконияти пайдо бўлди, чунки FIFA Осиё давлатлари учун квоталарни оширмоқда. Бу бизга Жаҳон чемпионатига борадиган 8 давлатнинг бири бўлишимизга умид бермоқда», — деди Равшан Эрматов.
Ҳозирда Ўзбекистон спортчиларни тайёрлаш бўйича Голландия, Италия, Испания каби давлатларда тажриба қилинаётган замонавий тизимни татбиқ этмоқда. ЎзФА эса замонавий спорт технологияларини қўллаган ҳолда, Япония ва қатор Европа давлатлари билан ҳамкорлик қилмоқда.
«Биз «футбол ошхонаси»ни ўрганиб, спорт руҳшунослари ва футбол таҳлилчилари каби кадрлар етишмаслиги ҳолати мавжудлигини аниқладик. Футболда психология жуда муҳим, чунки спортчилар ўз иқтидорларини намоён қила олишлари учун стрессга чидамли бўлишлари керак. Бизга замонавий спорт технологиялари билан ишлай оладиган таҳлилчилар ҳам керак. Бундан ташқари, биз профессионал арбитр ва рефериларни ҳам тайёрлаймиз, чунки ҳакамликни ривожлантирмасдан, футболнинг юқори даражасини кўрсатишнинг иложи йўқ», — дея қўшимча қилди ЎзФАнинг вице-президенти.
Тадбир якунида Кристиан Карамбё Равшан Эрматовга кубок нусхаси миниатюрасини топширди.
Эслатиб ўтамиз, футбол бўйича Жаҳон чемпионати кубоги Тошкент аэропортига Бейрутдан (Ливан) учган Gulfstream G600 хусусий самолётида олиб келинди. Кубок мамлакатга иккинчи марта олиб келинган, у Ўзбекистонга биринчи марта 2018 йилнинг февраль ойида келтирилган эди. Тоза тилладан тайёрланган трофей чемпионатга 1974 йилда ишланган ва ерни ушлаб турган иккита одам фигурасини тақдим этади. Трофейни фақатгина чемпионат ғолиблари ва давлат раҳбарлари ушлаб кўриши мумкин.
Бу йил кубок саёҳати 51 давлатга ташриф буюришни ўз ичига олади.
Реклама ҳуқуқлари асосида
85views0replies
0

Комментарии