“Тошкент-АЭРО” ихтисослаштирилган божхона комплексининг тезкор ходимлари томонидан “Авиа юклар” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида аниқланган ҳолатда ҳаво йўллари орқали Бирлашган Араб Амирликларидан келтирилган товарлар белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказилди.
Кетширув натижасида, 40 турдаги 4530 дона уяли алоқа воситалари божхона юк декларациясида ва йўл-юк кузатув ҳужжатларида кўрсатилмагани аниқланди. Божхона тўловларидан қочиш мақсадида ҳужжатларда қайд этилмаган ушбу телефонларнинг умумий қиймати 829 млн 500 минг сўмни ташкил этади. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Ҳусан Тангриев UzNews.uz'га хабар берди.
Ушбу телефонлар қонуний тартибда республикага импорт қилинганида, давлат бюджетига 220 млн. сўм божхона тўловлари ундирилган бўлар эди.
Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси тезкор тузилмалари томонидан Қарши шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда аввалдан кузатувга олинган шахс бошқарувидаги автомашина тўхтатилиб, белгиланган тартибда кўздан кечирилди.
Натижада, автомашина юкхонасида хорижда ишлаб чиқарилган, аммо сифати ва божхона расмийлаштирувини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган қиймати 49 млн сўмни ташкил этган 100 дона уяли алоқа воситалари борлиги аниқланди.
Жорий йилнинг ўтган 5 ойи давомида республика божхоначилари томонидан тўхтатиб қолинган уяли алоқа воситалари сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,3 баробарга ортган. Хусусан, аниқланган 142 та қонунбузарлик ҳолатларида қиймати салкам 7,7 млрд. сўмлик 7200 дона уяли алоқа воситаларининг ноқонуний олиб чиқилиши олди олинди.
Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.