Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фахрийларининг моддий таъминотини яхшилаш ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида президент қарори қабул қилинди.
Унга кўра, 1941-1945 йиллардаги уруш фахрийлари ва фашистлар концлагерларининг вояга етмаган собиқ маҳбуслари ва Ленинград шаҳри қамал қилинган даврда ишлаган фуқароларга, шунингдек, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга бепул етказиб бериладиган озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда гигиена товарлари ўрнига ҳар ойда БҲМнинг 1 баравари миқдорида қўшимча тўлов тўлаб борилади.
Шунингдек, 1941-1945 йиллардаги уруш фахрийлари ва фашистлар концлагерларининг вояга етмаган собиқ маҳбуслари ва Ленинград шаҳри қамал қилинган даврда ишлаган фуқароларга бепул етказиб бериладиган зарур кийим-кечак ва пойабзаллар ўрнига кийим-кечак хариди учун ҳар йили август ойида БҲМнинг 15 баравари миқдорида тўланадиган компенсация жорий этилади.
Қайд этилишича, бунда қўшимча тўлов Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги томонидан пенсияларни ва нафақаларни тайинлашга масъул бўлган ташкилотга ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ёки ногиронлиги бўлган шахслар тўғрисида тақдим этиладиган маълумотлар асосида амалга оширилади.
Белгиланишича, компенсация ва қўшимча тўловлар мазкур бандда келтирилган шахсларга, уларнинг пенсиялари ва нафақалари тўланадиган тартибда тўланади.