Пахтачилик селекцияси, уруғчилиги ва агротехнологиялари илмий-тадқиқот институтига қарашли "Пахта биотехнологияси" лабораториясининг синов майдонида рангли пахта етиштириш бўйича илмий-тадқиқот ишлари олиб борилмоқда, дея хабар берди Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати.
Тола сифати юқори навларни яратиш учун олимлар молекуляр генетика, физиология, биокимё ва селексиянинг замонавий усулларидан фойдаланмоқда.
Маълумки, табиатда оқ ғўзадан ташқари, турли рангдаги ғўза ўсимликлари мавжуд. Лаборатория ходимлари ғўзанинг бу навларини ўрганиш ва ғўза навларининг иқтисодий сифатларини оч қўнғир, тўқ жигарранг, қизғиш, сариқ, оч яшил, тўқ яшил ранглар билан бойитиб, келгусида бошқа ранглар билан ишлашни режалаштирмоқда. Бу йўналишнинг ривожланиши қишлоқ хўжалигининг иқтисодий самарадорлигини ошириш, пахтанинг экспорт салоҳиятини ошириш имконини беради.
Қайд этилишича, 20 асрнинг 50-60 йилларида ғўзанинг табиий рангли (кўп рангли) навларини етиштириш бўйича кенг кўламли тадқиқотлар олиб борилган. Бироқ, кимё саноатининг ривожланиши билан турли хил сифатли бўёқлар яратилди ва бу турдаги пахтага талаб йўқолди.
Бироқ, сўнгги йилларда бутун дунё бўйлаб истеъмолчилар талабининг ўзгариши сабабли, экологик тоза ва органик тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш тенденцияси кузатилмоқда. Тўқимачилик саноатида пахта толасини кимёвий қайта ишлаш катта миқдорда сув, энергия, кимёвий моддалар ва бошқа ресурсларни талаб қилади. Матоларни бўяш жараёни канцероген кимёвий бўёқлар ва қўшимча маҳсулотлардан фойдаланиш туфайли атроф-муҳитни ифлослантиради.
– Aйни пайтда тўқимачилик маҳсулотларини бўяш жараёнида ҳосил бўладиган турли кимёвий чиқиндилар ва улар билан боғлиқ экологик таҳдидларни камайтириш чоралари кўрилмоқда. Табиий рангли пахта толасидан фойдаланиш ва уни ишлаб чиқаришни ривожлантириш ана шундай истиқболли йўналишлардан бири бўлди. Дунё экологик тоза органик тўқимачилик маҳсулотлари сари интилаётган бир пайтда, табиий рангдаги пахта толаси тўқимачилик саноатининг яна бир инновацион ютуғига айланмоқда.
Табиий бўялган ғўза навлари тола сифати паст бўлса-да, биотик ва абиотик стрессларга, айниқса, зараркунандаларга, турли касалликларга, шўрланиш ва қурғоқчиликка чидамлилиги аниқланган. Шу муносабат билан етиштиришда экологик тоза пестицидлар ва инсектицидларга эҳтиёж анча кам. Бу, ўз навбатида, органик пахта етиштириш имкониятини оширади.