Аввалроқ, ижтимоий тармоқларда Жиззахда бўри болалари $200 дан сотилаётгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Давлат экология қўмитаси Матбуот хизматининг хабар қилишича, мазкур ҳолат юзасидан суриштирув-ўрганиш ишлари олиб борилди.
Маълум бўлишича, Бахмал туманидаги "Ўсмат" ШФЙда истиқомат қилувчи Т.Х.исмли ва Бахмал туманидаги "Новқа" МФЙда яшовчи Ж.М. исмли фуқаро 3 та бўри боласини ушлаб, уларни сотиш бўйича ижтимоий тармоқ саҳифаларига жойлашган.
Тезкор назорат рейд тадбирида фуқаро Х.Т.нинг ўзига тегишли бўлган автомашина юкхонасида 3 та бўри боласи борлиги аниқланди ва ашёвий далил сифатида олинди.
Ҳуқуқбузарларнинг ҳар бирига МЖтКнинг 90-моддаси 1-қисмига асосан жарима қўлланилди. Маълумот учун мазкур моддада фуқароларга БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача, мансабдор шахсларга эса — 10 бараваридан 15 бараваригача миқдорда жарима қайд этилган.
Айни вақтда бўри болалари экологлар томонидан парвариш қилинмоқда. Об-ҳавонинг қулай бўлган вақтида уларни ушланган жойига олиб бориб, табиат қўйнига қўйиб юбориш режалаштирилмоқда. Бу ҳақида яна қўшимча маълумот берилади.