Поиск
RUUZ

Экономика

Президент тадбиркорлик субъектларининг ЭИЗ ва саноат зоналарига кириш тартибини соддалаштириш бўйича топшириқ берди

Шавкат Мирзиёев пайшанба куни бўлиб ўтган йиғилишда саноат зоналарида фаолиятни йўлга қўйишда бюрократияга йўл қўймаслик масаласини кўтариб, уни олиб ташлаш бўйича топшириқ берди.

220views0replies
0

president.uz

Йиғилишда саноат зоналарида бўш турган 6 минг 600 гектар майдонни электр энергияси, сув, йўл ва бошқа шароитлар билан таъминлаш чоралари муҳокама қилинди. Бунинг учун 1 трлн 500 млрд сўм ёки 2021 йилга нисбатан 2 баравар кўп маблағ ажратилиши белгиланди.
Давлат раҳбари саноат зоналарида иш бошлашдаги бюрократияга алоҳида тўхталиб ўтди. Бу борадаги тартибни соддалаштириш чоралари белгиланди.
Унга кўра, эркин иқтисодий зоналарда амалга ошириладиган лойиҳаларни экспертиза қилиш ваколати Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига ўтказилади. Импортда имтиёзларни қўллаш учун Лойиҳаларни ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш марказининг хулосасини олиш тартиби бекор қилинади.
Шу пайтгача саноат зоналаридаги ерлар аукционга ҳокимлик томонидан қўйилар эди. Энди инвестиция мажбуриятлари белгиланиб, мазкур зоналарнинг дирекциялари томонидан чиқарилади. Шунингдек, инвестиция мажбуриятлари тўлиқ бажарилганидан кейин, аукцион орқали олинган объектларни хусусийлаштиришга рухсат берилади.
Буларнинг ҳисобига саноат зоналарига лойиҳаларни жойлаштириш жараёнидаги босқичлар сони камайиб, бунга кетадиган вақт 3 ойдан 1 ойгача қисқаради.
Президент кичик саноат зоналарида узоқ йиллардан бери фаолият юритиб келаётган тадбиркорларнинг ер ва бино-иншоотлари билан боғлиқ масалаларини ҳал қилиш бўйича ҳам топшириқ берди.
Маҳсулотларнинг экспортбоплигини, халқаро стандарт ва истеъмолчи талабларига мослигини таъминлаш учун айрим саноат зоналарини хорижий компанияларга бошқарувга бериш, улардан инвесторларни жалб қилиш зарурлиги таъкидланди.
220views0replies
0

Комментарии