Ижтимоий тармоқларда Тошкентдаги меҳрибонлик уйида болалар норозилик намойиши уюштирилганлиги ҳақида хабар тарқалган.
Ушбу хабар асосида Юнусобод тумани прокурори раҳбарлигида тузилган ишчи гуруҳи томонидан 21-сон Меҳрибонлик уйининг фаолияти текширилганда муассасада носоғлом ва қониқарсиз муҳит туфайли айрим тарбияланувчиларда норозилик кайфияти пайдо бўлганлиги ва намойиш уюштирилганлиги аниқланди.
Шу сабабли, жорий йилнинг 26 апрель куни 21-сонли Меҳрибонлик уйи директори билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди.
Текшириш давомида муассаса мансабдор ва моддий жавобгар шахсларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари оқибатида ўзганинг кўп миқдордаги маблағлари ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилинганлиги маълум бўлди.
Бу ҳақда UzNews.uz'га Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Хаёт Шамсутдинов хабар берди.
Мазкур ҳолат юзасидан 16 май куни ЖКнинг 167, 205 ва 207-моддалари билан жиноят иши қўзғатилди.
Бундан аввал ушбу Меҳрибонлик уйида тарбияланувчилар митинг уюштиришгани ва болалар плакатлар кўтариб чиқишгани ҳақида хабар берган эдик.